Адлия вазирининг ахбороти эшитилди

15:00 19 Июнь 2020 Сиёсат
1362 0

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Адлия вазирининг 2019 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Вазирлик томонидан 530 мингга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилган ва давлат органлари томонидан уйма-уй юриб, тегишли муаммоларни аниқлаган ҳолда фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси доирасида Адлия вазирлиги томонидан Интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга хизмат қилувчи 5 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқилган.

Жумладан, бугунги кунда турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий портали ишга туширилган. Ундан 53 минг нафардан ортиқ шахслар фойдаланган. Қолаверса, ёш авлодларнинг ҳуқуқий билимини ошириб бориш, болаларни кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида “bolahuquqlari.uz” сайти ва “test.adliya.uz” ҳуқуқий саводхонликни баҳолаш тизими яратилиб, улардан 16 минг нафарга яқин шахслар фойдаланган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан ҳуқуқий тарғибот соҳасида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим-тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти, бу борада таъсирчан механизм мавжуд эмас.

Бундан ташқари, жамиятда манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш ишларини етарли даражада, деб бўлмайди. Аксарият давлат органлари раҳбарлари томонидан фаол иштироки таъминланмаяпти, бу борада юқори натижадорлик ва самарадорлик кўзга ташланмаяпти. Оқибатда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун ҳар ҳафталик ҳуқуқ ва мажбуриятлар куни, умумтаълим мактаблари юқори синфлари учун ҳуқуқ асослари ҳамда тарбия фанлари ҳафтасига 1 соатдан ўқитилиши, олий таълим муассасалари ўқув режаларида тегишли маънавият фани 78 соат ўқитилиши белгиланган бўлса-да, уларнинг илмий изланишлар ва тўпланган тажрибага асосланганлиги ҳамда самарадорлиги етарли даражада эмас.

2019 йилда вояга етмаганлар томонидан мамлакатимизда 739 та жиноятлар содир этилган. 2018 йилга нисбатан 19,9 фоизга камайган бўлса-да, бу кўрсаткич ҳанузгача баландлигича қолмоқда. Айниқса, жиноят содир қилган 818 нафар вояга етмаган шахснинг 694 нафари мактаб ўқувчилари эканлиги салбий ҳолатдир.

Яна бир жиҳат. Ҳуқуқий тарғибот ишлари таъсирчан олиб борилиши йўлга қўйилмаганлиги оқибатида давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорлар қабул қилиш амалиёти ҳамон учрамоқда.

Шунингдек, мажлисда давлат органлари томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари инновацион усуллари, шу жумладан, веб-технологияларидан етарли фойдаланилмаганлиги танқид қилинди ва бу борада кўрсатмалар берилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер