Адлия аралашуви билан мурожаатчилар муаммоси ҳал қилинди

19:04 03 Август 2023 Жамият
975 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманган вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Масалан, яқинда Мингбулоқ тумани Мулкобод маҳалласида яшовчи Аъзамжон Мамаюсуповнинг мазкур туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан муддатидан аввал ёшга доир пенсияга чиқиш учун асос бўлган тақдимнома берилмаётганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Тақдим этилган ҳужжатлардан аниқланишича, “Ўзгариш” маиший-хизмат касб-ҳунар коллежи томонидан А. Мамаюсупов номига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Меҳнат кодексига асосан огоҳлантириш хати берилиб, коллеж директорининг буйруғига кўра, муассасанинг ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси штат қисқариши муносабати билан Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан бекор қилинган. Бироқ, Бандликка кўмаклашиш маркази фуқарога муддатидан аввал пенсияга чиқиш учун у қонунан талаб қилган тақдимномани бермай келган. Мазкур мурожаат бошқарма томонидан батафсил ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Учқўрғон тумани, “Чек” маҳалласида яшовчи фуқаро Исломжон Юсуфжонов эса ўзига Президент Фармонига асосан тўланиши лозим бўлган устамани беришмаётганидан норози. Унинг мурожаатини туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқиш чоғида Халқ таълими бўлими таълимни рақамлаштириш шўъбаси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонида назарда тутилган устамалар 2023 йил учун харажатлар сметасига киритилмаганлиги аниқланди.

— Масъул идора ёрдами билан меҳнатга муносиб ҳақ олиш бўйича ҳуқуқим тикланди, —дейди И. Юсуфжонов. – Жорий йил бошидан олишим керак бўлган 40 миллион сўм миқдоридаги устама пули тўлиқ ундириб берилди. Келгуси ойдан белгилинган устамани маошимга қўшиб тўланадиган бўлди.

Шундай қилиб, адлия ходимлари яна икки мурожаатчини қийнаётган муаммога елка тутиб беришди. Бундай мисоллар юртимизда инсон ҳуқуқи ҳамиша ишончли ҳимояда эканлигидан далолат беради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер