70 нафардан зиёд хотин-қизни ишли қилган тадбиркор Бухорода йилнинг энг илғор аёли деб топилди

20:25 01 Декабрь 2023 Жамият
512 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Ўзанон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Мунаввар Илҳомова оилада ягона фарзанд саналади. Ота-онасининг ногиронлиги бор. Рўзғор ташвишлари шу қиз зиммасида. Қишлоқларимизда эса биласиз, аёлларбоп иш ҳадеганда топилавермайди. Аммо Мунавварга қай бир маънода омад кулиб боқди.

Ўзанонда Мавжуда Аллаева деган аёл яшайди. Тадбиркор. Тиниб-тинчимас, изланувчан. Унинг чоғроқ бўлсада тикувчилик корхонаси бор. Шу тадбиркор Мунавварга қайишди. Ишга қабул қилди. Энди қизнинг бугунию эртасидан кўнгли тўқ. Ишли бўлди. Маош олаяпти. Ота-онаси ҳам хурсанд. Фарзанднинг ота-онага қўл-қанот бўлгани яхшида.

— Мавжуда Аллаева ташаббуси билан фаолият бошлаган бу корхонада етмиш нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланди, — дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Меҳригул Ашурова. — Бундан ташқари, ҳудудимизда ёш болали ёки саломатлиги туфайли уйда ўтириб қолган аёллар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўттиз — ўттиз беш нафарини Мавжудахон касаначилик асосида ишга жалб этган. Бу ерда ишлаётганлар орасида “аёллар дафтари”, “ ёшлар дафтари”да турганлар ҳам бор.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомида фаолият юритаётган М. Аллаеванинг корхонаси замонавий тикув машинкалари билан жиҳозланган. Бу ерда миллий кийим-кечаклар, тўйбоп сарполар тикилмоқда. Корхона маҳсулотларига хориждан, аниқроғи, Тожикистондан ҳам буюртмалар тушмоқда. Муҳими, бир кичик корхона шарофати билан ўзанонлик ўнлаб аёллар ишлаб, рўзғорларига даромад келтириш имконига эга бўлдилар. Мавжуда Аллаевага келсак, яқинда у “Йил аёли” миллий танлови вилоят босқичида “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинацияси ғолиби деб топилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер