67 ёшли жиноятчи қўлга олинди
Иллюстратив фото
“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Хонобод шаҳрининг 24 та кўп қаватли уйлардан ташкил топган Абдурауф Фитрат номидаги маҳалла ибратли ҳудудлардан бири саналади. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмагани каби намунали юртдошларимиз орасида ҳам ўзининг салбий жиҳатлари билан маҳалладошлари номига доғ туширувчилар йўқ эмас. Ана шундайлардан бири Неъматжон Ҳамдамов (суриштирув-тергов ишлари олиб борилаётганлиги сабабли исми шарифи ўзгартирилди) хонадонида гиёҳванд модда сақлаганлиги учун қўлга олинди.
— Неъматжоннинг қилмишини умуман оқлаб бўлмайди, — дейди Абдурауф Фитрат номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фаридахон Матхолиқова. — Боиси, у ёш бола эмас, 67 яшарли мўйсафид. Маҳалла фаоллари қаторида барчага маслаҳат бериб, ўзининг намунали хулқи билан ибрат кўрсатиши керак бўлган ёшда.
Шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда аниқланишича, фуқаро ўз хонадонида 25 грамм миқдорида марихуана гиёҳванд моддасини сақлаб келган. Ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Шавкат Мирзаевнинг маълум қилишича, у муқаддам гиёҳванд моддасини сақлаш, истеъмол қилиш ва қотиллик жиноятини содир этган. Шу боис ички ишлар ҳамда маҳалла фаоллари эътиборида бўлган. Бекорчилик туфайли яна салбий иллатларга қўл уришининг олдини олиш мақсадида доимий иш жойи билан ҳам таъминлаган. Аммо...
— Гиёҳвандликнинг оқибати жуда ёмон, — дейди Неъматжон Ҳамдамов афсус билан. — Шу боис мен содир этган хатони яна кимдир такрорлашини истамайман. Қилмишимдан пушаймонман.
Қонун ҳамиша адолат тамойилига риоя қилади. Шундай экан, фуқаронинг сўнгги пушаймони келгусида яна жиноят содир этмаслиги учун пойдевор вазифасини ўташига умид қиламиз.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг