5 ва 10 йиллик давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича аукционлар муваффақиятли ўтказилди
Жорий йилнинг 26 июль куни Ўзбекистон республика валюта биржасида ўтказилган навбатдаги электрон аукцион савдоларида умумий ҳажми 200,0 млрд.сўмлик муомала даври 5 йил ва умумий ҳажми 100,0 млрд.сўмлик муомала даври 10 йил бўлган давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди. Ушбу давлат қимматли қоғозларининг фоиз купон тўлови мос равишда, йиллик 17,5 ва 18 фоизни ташкил этади.
Аукцион натижаларига кўра, бозор иштирокчилари томонидан 5 йиллик давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун келиб тушган умумий ҳажми 315,1 млрд.сўмлик буюртмалардан 200 млрд.сўм миқдордаги буюртмалар 18,52 фоизга тенг ўртача тортилган даромадлилик билан ва 10 йиллик давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун келиб тушган умумий ҳажми 166,8 млрд.сўмлик буюртмалардан 100 млрд.сўм миқдордаги буюртмалар 19,16 фоизга тенг ўртача тортилган даромадлилик билан қаноатлантирилди.
Ўрта ва узоқ муддатли инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилиниши миллий валютадаги паст хатарли инструментларни чиқариш орқали маблағларни жалб қилиш бенчмарки бўлиб хизмат қилиб, молиявий инструментларни диверсификациялаш ҳамда молия бозорига янги иштирокчилар (норезидентлар, жисмоний шахслар, суғурта компаниялари ва бошқалар)ни жалб этиш учун замин яратади.
Қайд этиш жоизки, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзи портфелини диверсификациялаш ва валюта хатарларини пасайтириш мақсадида давлат қимматли қоғозларини чиқариш ҳажми оширилмоқда ва ички молия бозорларини ривожлантириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6207-сонли Фармони билан тасдиқланган 2021-2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг 35-бандида бозор талабидан келиб чиқиб, узоқ муддатли (5-10 йил) давлат қимматли қоғозларини чиқариш бўйича аукционлар ўтказишни амалиётга киритиш белгиланган.
Молия вазирлиги келгусида ҳам давлат қимматли қоғозларини чиқаришда ички давлат қарзини самарали бошқариш ва маҳаллий молия бозорларини ривожлантириш мақсадларидан келиб чиқиб, молия бозорларидаги жорий ҳолат ва талабни инобатга олган ҳолда амалга оширади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг