40 йил деганда маҳаллага сув келди!
Тан олиб айтиш керак, Андижон вилоятининг ҳали тоза ичимлик суви етиб бормаган ҳудудлари ҳам бор. У ерда яшаётган аҳоли сувни маълум масофадан ташиб ичишларига тўғри келмоқда. Бироқ, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳатто энг чекка ҳудудларга ҳам сув қувурлари тортиляпти. Жумладан, Избоскан туманидаги «Ботиробод» МФЙга 2,5 км. масофага сув қувури тортилди.
— Бу маҳаллада 110 та хонадонда 700 нафар аҳоли истиқомат қилади,-дейди «Андижон вилоят сув таъминоти» МЧЖ Избоскан тумани филиали раҳбари Улуғбек Маматожиев. — 40 йил деганда маҳаллага сув келди. Эндиликда ҳар бир хонадон олдидаги жўмракларда оби ҳаёт оқмоқда.
Андижон вилоятида ҳудудларни 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда. Жумладан, Избоскан туманининг ўзида жорий йилнинг шу даврига қадар 10 км. масофадаги сув қувурларининг тортилиши натижасида 10 га яқин маҳаллага тоза ичимлик суви олиб келинди.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг