378 оила янги хонадонга эга бўлди
Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида ипотека кредитлари асосида янги қурилган 7 қаватли 9 та уйлар аҳолига фойдаланишга топширилди.

378 хонадон. Энди бу замонавий ва кўркам хонадонларда ёш оилалар, келин-куёвлар, буви-ю набиралар шод-хуррам ҳаёт кечирадилар. Уларнинг ҳар бири бугун чексиз қувонч ҳиссини туймоқдалар.
Муборакхон Арслонова шаҳар четидаги эски хонадонларда истиқомат қилар эди. Шаҳар марказида яшаш, янги уйига келин туширишни кўпдан бери орзу қилган опа мустақиллигимизнинг 28 йиллиги шодиёналари арафасида бу орзу ҳаваслари рўёбини кўрди.

Дилором Саидова 25 ёшда. Гўзаллик салонида ишлайди.У ҳам 3 хонали уйнинг соҳибаси бўлди. 2 нафар фарзанди билан шинам ва барча қулайликлар мужассам бўлган 3 хонали замонавий хонадонда хушнудликда ҳаёт кечиришидан мамнун.

Янги хонадонларни ўз эгаларига топшириш тантанаси муносабати билан дастурхон ёзилди,куй-қўшиқлар ижроси дилларга байрам шукуҳини улашди.

–Байрамлар байрамга уланди, – дейди Муборакхон Арслонова. – Энг қувончли ва шукуҳли онларда турибмиз. Яқиндагина ўғлимни уйлаб, келинли бўлган эдим.Мана икки хонали уйли ҳам бўлдик. Келин саломлар билан янги хонадон янада файзга тўлди. Фаровон ҳаётимиз, тинчлигимизга, юртимизга кўз тегмасин.

Шунингдек,автомабиль турар жойлари,болалар майдончалари, дам олиш жойлари “Марғилон ихтисослашган таъмир қурилиш”хусусий корхонаси томонидан қуриб битказилиб, аҳоли ихтиёрига топширилди.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев қатнашди.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг