34 миллион одам очликдан ҳалок бўлиш хавфидан бир қадам нарида 

22:57 25 Март 2021 Дунё
1689 0

Дунёнинг 20 мамлакати шошилинч озиқ-овқат ёрдамига муҳтож. Акс ҳолда улар оммавий очарчиликка дуч келади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сайтида берилган хабарга кўра, Яман, Жанубий Судан ва Нигерия шимолидаги аҳоли аллақачон очлик ёқасида. 

Очарчилик хавфи таҳдид қилаётган мамлакатларнинг аксарияти Африка қитъасида жойлашган. Бироқ бу муаммо Афғонистон, Сурия, Ливан ва Гаити учун ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Яъни 34 миллион одам очликдан ҳалок бўлиш хавфидан бир қадам нарида турибди.

«Бунинг олдини олиш учун жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, аҳолининг энг заиф қатламларига инсонпарварлик йўлини очиш ва очарчиликка қарши курашиш учун 5,5 миллиард доллар йиғиш керак», дейди экспертлар. 

Коронавирус пандемияси туфайли 120 миллион киши ўта қашшоқликка йўлиққан. 114 миллион нафарга яқин одам ишидан айрилган. Жаҳон иқтисодиёти сўнгги 90 йилдаги энг ёмон таназзулни бошдан кечирган.

Январь ойида БМТ раҳбари Антониу Гутерриш дунёдаги энг бадавлат 10 кишининг маблағи пандемия оқибатида қашшоқликка дуч келган одамларни ҳаётини яхшилашга ҳамда сайёрамизнинг барча аҳолисига коронавирусга қарши вакцина сотиб олиб бериш учун етарли бўлишини айтиб ўтган эди. 

Таъкидланишича, табиий офатлар, иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар коронавирус пандемияси оқибатлари туфайли озиқ-овқат хавфсизлиги янада кучаймоқда. Буларнинг барчаси дунёга мисли кўрилмаган танқисликка сабаб бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер