300 минг киши Россия қуролли кучлари сафига чақирилди. Улардан 13 минг нафари кўнгилли. Мамлакатда қисман сафарбарлик тугади

01:42 29 Октябр 2022 Дунё
2401 0

Фото: РИА «Новости»

Россияда шу йилнинг 21 сентябрь куни бошланган қисман сафарбарлик якунланди. Ўтган вақт ичида 300 минг киши мамлакат қуролли кучлари сафига чақирилди. Бу ҳақда жума куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга ҳисобот берди.

Давлат раҳбари Қуролли кучлар сафига қўшилган барчага миннатдорчилик билдириб, ҳарбий комиссиялар фаолиятини модернизация қилиш, фронтга фақат тайёргарликдан ўтган жангчиларни жўнатиш бўйича топшириқлар берди.

«Сафарбар қилинганларни қўшинларга жўнатиш 28 октябрь, жума куни тугади», деди Шойгу.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Президентнинг 300 минг кишини ҳарбий хизматга чақириш бўйича топшириғи бажарилди. Унинг қўшимча қилишича, янги топшириқлар режалаштирилмаган. Ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимлари фақат кўнгиллилар ва контракт бўйича хизматга номзодларни қабул қилишни давом эттиради.

26 сентябрь куни минтақаларда қисман сафарбарлик якунлангани ҳақида биринчи бўлиб Қрим ва Севастопол раҳбарлари ҳисобот берган бўлса, эртаси куни Брянск вилояти губернатори режа 100 фоиз бажарилганини маълум қилди. Москвада қисман сафарбарлик 17 октябрда якунланди.

Кимлар чақирилди?
Мобилизация қилинганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил этади. Уларнинг 1,3 минг нафари турли даражадаги ижро ҳокимияти органлари вакиллари, 27 минг нафари тадбиркорлардир.

Сафарбарлик доирасидаги кўнгиллилар 13 минг кишини ёки 4,3 фоизни ташкил этди.

Шойгунинг сўзларига кўра, «махсус ҳарбий операция» зонасига 82 минг чақирилувчи борган, уларнинг ярми аллақачон бўлинмалар таркибида ҳаракат қилмоқда. Қолганлар эса машғулотларни давом эттирмоқда.

«Қўшинларга келганларнинг барчаси шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг белгиланган турдаги нафақалари, кийим-кечаклари, жиҳозлари, озиқ-овқатлари билан таъминланади», дейди вазир.

Президент биринчи босқичида муқаррар қийинчиликлар юзага келган қисман сафарбарликдан зарурий хулосалар чиқариш, ҳарбий комиссарликларнинг бутун иш тизимини модернизация қилиш, уни замонавий даражада қуриш бўйича топшириқлар берди.

Россия президенти, шунингдек, «махсус ҳарбий операция» тажрибасидан келиб чиқиб, қуролли кучларнинг барча таркибий қисмлари, жумладан, қуруқликдаги қўшинлар қурилишига тузатишлар киритиш ҳақида кўрсатма берди. 

Сафарбарлик қилинганлар ҳарбий хизматни ўтаётиб, улар билан меҳнат шартномалари тўхтатилади. Уларнинг иш жойлари ва лавозимлари сақланиб қолади, хизмат муддати меҳнат стажига ҳисобланади. Сафарбар қилинганлар хизмат муддати тугаганидан кейин уч ой ичида ўз меҳнат вазифаларига қайтишлари мумкин.

Барча сафарбар қилинганларга ойига 195 минг рублдан кам бўлмаган ҳақ тўланади. Тўловлар бўлажак жангчиларни тайёрлаш вақти учун ҳам тақдим этилади.

Сафарбар қилинганларга «махсус ҳарбий операция» зонасидан қайтгач, жанговар фахрий мақоми берилади.

«Махсус ҳарбий операция» иштирокчилари, сафарбар қилинганлар ва уларнинг оила аъзолари учун истеъмол ва ипотека кредитлари бўйича таътиллар олиш ҳуқуқи берилади.

Ҳудудлар миқёсида сафарбар этилганларнинг оилалари ва уларнинг оила аъзоларига бир йўла тўловлар, озиқ-овқат пакетлари ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер