30-31-май кунлари “Sof Expo Samarkand” саноатчиларнинг мулоқот майдонига айланди

17:10 31 Май 2023 Жамият
640 0

Фото: “Халқ сўзи”

Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ишбилармонлик муҳитининг яхшиланаётгани, қулай инвестиция муҳитини яратилиши ҳамда саноат тузилмасини диверсификация қилиниши экспортбоп ва рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш имконини бермоқда.

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” замонавий кўргазмалар марказида  Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 30-31-май кунлари бўлиб ўтган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари Форумини ҳам тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш учун қулай мулоқот майдони бўлди дейиш мумкин.

Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари Форуми вилоятнинг салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда автомобилсозлик, қурилиш материаллари, чарм-пойафзал, мебелсозлик, электротехника, туризм, озиқ-овқат саноати, гилам маҳсулотларини намойиш қилишга ихтисослашган бўлиб, унда 300 дан зиёд саноат корхоналари  ўзларининг 1 700 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳудудий саноат ярмаркаси “Ўзавтосаноат” ва “Ўзэлтехсаноат” сингари йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарда  маҳаллийлаштиришга қаратилган, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришда маҳаллий тадбиркорлар билан саноат кооперацияси асосида ҳамкорлик қилиш имконини ҳам бермоқда.

- Фаолиятимизни 2019 йилда автомобиль тўшамалари ишлаб чиқаришдан бошлаганмиз, - дейди Жомбой туманидаги “EURO MATS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммаджон Алимов. - Жорий йилдан эса Хитой ва Россиядан замонавий ускуналар келтириб аввал импорт қилинган “Ева” хомашёсини корхонамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу лойиҳа ҳозирча МДҲ давлатлари орасида биринчиси бўлиб турибди. Хомашёни тайёрлаш учун Хитой, Тайван, Жанубий Кореядан кукун ҳолида маҳсулотни келтириб, ярим тайёр ҳолида хомашё тайёрлаймиз. Лойиҳани ишга тушириш орқали 50 та доимий, 40 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шу ойда Қозоғистон ва тожикистонлик ишбилармонлар билан маҳсулот экспорти борасида 300 минг долларлик шартнома имзоладик. Мазкур ярмарка давомида маҳаллий ҳамкорлар билан кооперация алоқаларини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Бу галги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари Форумида илк бор олтин буюмлари ҳам кўргазмага қўйилди.

Дарвоқе, жорий йилда шунингдек, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари ва ташаббускор тадбиркорлар ҳам иштирок этишди. Бу эса ҳар бир маҳалланинг драйверидан келиб чиқиб, ҳудудда саноат, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кооперация алоқаларини йўлга қуйиш орқали аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга кенг йўл очади.

Бундан ташқари, кўргазмада вилоятда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари олимлари ҳам иштирок этиб, инновацион ишланмалари ва Стар тап лойиҳалари билан қатнашишди.  

Тадбир доирасида ўтказилган Саноатчилар Форумида   мамлакатимиз саноати учун долзарб бўлган масалалар панел сессияларида муҳокама этилди.   

Саноат ярмаркаси якунида “Энг йирик саноат лойиҳаси”, “Маҳаллийлаштириш дастури энг фаол корхонаси”, “Энг намунали экспортёр” каби бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди. 

 

 

 

 

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер