3–7 ёшли болажонларнинг боғчага қамрови 100 фоизга етказилди

11:29 07 Апрель 2026 Жамият
188 0

Бухоро шаҳридаги «Отбозор» маҳалласида жойлашган 24-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносининг қиёфаси тамоман ўзгарди. Шу билан бирга ундаги ўринлар сони 30 тага кўпайди. Бу боғча биносининг мукаммал таъмирдан чиқарилгани билан боғлиқ.

Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган бино ташқи таъсирлар оқибатида эскирган, замон талабига жавоб бермай қолганди. Ташкилот жамоаси ҳамда маҳалла аҳолисини ўйлантириб келаётган масалага «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси орқали ечим топилди. Мактабгача таълим маскани 1,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига таъмирланиб, капитал реконструкция қилинди. Натижада сўлим гўшада жойлашган бу масканда «боғча опа»ларнинг ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашиб ишлашлари, болажонларнинг мириқиб дам олишлари, маълум бир кўникмаларга эга бўлишлари учун шарт-шароитлар яхшиланди. Бундан табиийки, ён-атрофда яшовчи ота-оналар ҳам хурсанд.

Эътиборлиси, вилоятда, жумладан Бухоро шаҳрида эртамиз эгалари саналган жажжи ўғил-қизларнинг замонавий мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия олишлари борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида қадимий шаҳарда яшовчи салкам 22 минг нафар 3–7 ёшли болажонларнинг барчаси мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер