25 км узоқликдаги мактабга боришга мажбур бўлган ўқувчилар масаласи Болалар Омбудсмани аралашуви билан ҳал этилди

10:38 29 Май 2023 Жамият
466 0

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига 24 нафар вояга етмаган болаларнинг ота-оналари мурожаат қилиб, фарзандлари илмга чанқоқ эканлигини, ўз туманларидаги мавжуд ихтисослашган мактабда квота етмаганлиги боис, фарзандлари ўз яшаш жойларидан 25 км узоқликдаги Марғилон шаҳар ихтисослашган мактабига қатнаб таълим олиб келишаётганлигини, оқибатда болалар узоқ йўлга қатнашга мажбур бўлишаётганлигини, айниқса қиш кунлари бориб келишда транспорт билан боғлиқ муаммолар бўлаётганлигини ва уларнинг ҳавфсизлиги масаласи ота-оналарнинг хавотирига сабаб бўлаётганлигини билдиришиб, фарзандларини Олтиариқ туманидаги ихтисослашган мактабга ўқишларини кўчиришда, ёки келаси йилги ўқув йилида 6-синфга қабул қилишларида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир деб белгиланган.

Ушбу масала юзасидан Вакил томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокими номига болаларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, билимга чанқоқ болаларнинг таълим олишлари учун шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашни сўраб мурожаат қилинди.

Қувонарлиси, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Олтиариқ туман ихтисослаштирилган мактабида 6-синф учун 2023-2024-ўқув йилида 24 нафар қўшимча квота ажратилишини ҳамда мазкур ўринларга Олтиариқ туманида яшовчи ўқувчиларни Марғилон шаҳар ихтисослаштирилган мактабидан Олтиариқ туман ихтисослаштирилган мактабига кўчирилиши тўғрисида маълум қилинди.

Болаларнинг ушбу муаммоси ижобий ҳал этилганлиги бизлар учун ҳақиқий қувонарли воқеа бўлди десак адашмаймиз. Бу масалага бефарқ бўлмаганлиги учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Зеро, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда барчамиз бирдек жавобгармиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер