24 мингга яқин дарахтлар тақдири хавф остида
Иллюстратив фото
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Табиат ресурслари ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликларининг “Қурилиш объектларида дарахтлар кесилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Юртимизда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўриляпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қимматбаҳо навли дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилинди. Бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Аммо шунга қарамасдан республика миқёсида дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш, шу жумладан, қимматбаҳо, кўп йиллик дарахтлар нобуд бўлишига олиб келган ҳолатлар учраб турибди.
Маълумотларга кўра, ўтган йилда дарахт ҳамда буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан 7,3 млрд. сўм маъмурий жарима ва 10 млрд. сўм табиатга зарар белгиланган. Шу жумладан, ўтган йилда жами 1777 туп қимматбаҳо ҳамда кўп йиллик дарахтлар кесилган. Вазият таҳлил этилганда, қурилиш объектлари атрофини ўраб олиш натижасида дарахтларнинг қаровсиз қолиши, шикастланиши ва нобуд бўлиш ҳолатлари содир этилаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида давлат экологик экспертизаси объектлари қаторига барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини ажратиш материаллари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари киритилган.
Бироқ, масъуллар томонидан Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари хатлов қилинганида ер ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда 235 та, 2020 йилда 89 та ва 2021 йилда 99 та объектга ўрганилмасдан ҳамда давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмасдан қурилишга ер ажратиб берилгани ва қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилгани аниқланган.
Шунингдек, 2022 йилда Тошкент шаҳрининг 11 та туманидаги 332 та хўжалик юритувчи субъект худудлари ўрганилиши натижасида умумий 21031 дона турли хилдаги дарахтлар хатловдан ўтказилган, уларнинг 17767 донаси манзарали, 2599 таси мевали дарахтлар бўлиб, уларнинг 103 таси қуриб қолганлиги ва 20 таси турли хил касалланганлиги маълум бўлган.
Қайд этилганидек, республика бўйича 500 дан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 24 мингга яқин дарахтлар тақдири хафв остида қолмоқда. Афсуски, бир қатор қурилиш объектларида дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатлари содир этилган.
Хусусан, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган қурилиш объектида хандақ (катлаван) қазиш ишлари олиб борилган ҳудудда жами 55 туп дарахт йўқ қилинган. Чилонзор туманиги кўп қаватли тураржой биноси қурилиши учун ўраб олинган ҳудудда 18 туп дарахт шикастлантирилгани аниқланган, Яшнобод туманида қурилиш объектида 83 туп кўп йиллик манзарали дарахтлар ноқонуний равишда кесилган.
Эшитувда депутатлар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига қурилиш объектларига дарахтлар кесилишининг олдини олишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, қурилиш объектларининг атрофини ўраш тартибини қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгилаш, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбир якуни бўйича кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг