2025 йилга бориб Хитойда аҳоли қисқариши башорат қилинмоқда
Фото: Reuters
Хитой 2025 йилга бориб демографик муаммоларнинг ёмонлашуви туфайли аҳолининг қисқаришига дуч келади. Бу ҳақда "Global Times" хабар бермоқда.
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг Аҳоли ва оила масалалари бўлими бошлиғи Ян Венчжуаннинг айтишича, ҳукумат яқин беш йил ичида аҳоли сонининг қисқаришини башорат қилмоқда. 2021 йилда Хитойнинг айрим провинцияларида янги туғилган чақалоқлар сони бир неча ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткич бўлди.
Масалан, мамлакат марказидаги Хунан провинциясида 60 йил ичида биринчи марта 500 мингдан, Хенан провинциясида 1978 йилдан бери биринчи марта 800 мингдан, шарқий Цзянси провинциясида эса 1950 йиллардан бери биринчи марта янги туғилган чақалоқлар сони 400 минг кам бўлди.
«Бу узоқ вақт давомида паст туғилишнинг муқаррар натижасидир», дейди Хитой ва глобаллашув марказининг катта илмий ходими, демография бўйича эксперт Хуан Вэньчжэн. Унинг қўшимча қилишича, бу тенденция бир асрдан кўпроқ вақт давомида ҳукмрон бўлади.
Демографик инқироз мамлакат иқтисодиётига таҳдид солмоқда. 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2020 йилда 890 минг кишига камайган. Агар туғилиш пасайишда давом этса, Хитойда меҳнат бозорида танқислик юзага келади.
1979 йилдан 2015 йилгача Хитой ҳукумати бир оила, бир бола демографик сиёсатини олиб борди. 2016 йил бошидан буён мамлакат фуқароларига икки фарзанд кўришга рухсат берилди.
Энди расмийлар туғилишнинг пасайишини секинлаштириш учун тобора фаолроқ чоралар кўрмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Хитой Халқ банки аҳолининг қариши шароитида фуқароларни фарзанд кўришга чақирган эди. 2021 йил май ойида оилаларга учта фарзанд кўришга рухсат берилди. Ваҳоланки, 2016 йилдан бошлаб ота-оналар оилада иккитадан кўп фарзанд кўрсалар жарима тўлашга мажбур эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг