2024 йилдаги режалар бўйича вазифалар белгиланиб олинди
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида соҳада жорий йилда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, келаётган 2024 йилда қишлоқ хўжалигида йиллик ўсишни 5% дан кам бўлмаган миқдорда таъминлаш, сармояларни жалб қилиш ва ўзлаштиришни жадаллаштириш ҳамда белгиланган экспорт кўрсаткичларни бажариш бўйича аниқ вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вазир ўринбосарлари, марказий аппарат ходимлари, бошқарма бошлиқлари, вазирлик ҳузуридаги тизим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Йиғилиш давомида вазир Иброҳим Абдураҳмонов 2024 йилда соҳани ривожлантиришда амалга ошириладиган 6 та йўналиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, жумладан, ҳосилдорликни пахтада 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга ошириш бўйича илмий асосланган агротехнологияларни амалга ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, йилқичилик ва туячиликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” интеграцион платформаси орқали рақамлаштирилган хизматлар ягона нуқтадан кўрсатилишини йўлга қўйиш ҳақида таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, йиғилишда вазир қишлоқ хўжалигини молиялаштириш бўйича, Туркия ва Озарбайжон тажрибаси асосида янги суғурта тизимини ташкил этиш, бу бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, инвестиция ва грант лойиҳалари бўйича соҳага халқаро донор ташкилотларидан 54 та лойиҳа доирасида 725 млн доллар грант маблағларини жалб қилиш, илм-фан ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази негизида Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш каби масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларга зарурий тавсия ва топшириқлар берди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг