2016 йилдан буён Самарқандда табиий газ истеъмолчилари сони қарийб 60 мингтага ошди. Таъминот-чи?

12:35 29 Ноябрь 2021 Жамият
821 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугун Самарқанд вилояти ҳудудларида ҳам шаҳарсозликни ривожлантириш чора-тадбирлари натижаси ўлароқ ҳар йили юзлаб янги турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қад ростламоқда. Бу эса ўз-ўзидан  табиий газ истеъмолчилари сафи ҳам кенгайиб боришига олиб келяпти. Хусусан, 2016 йилдан буён уларнинг сони вилоятда салкам 60 мингтага ошди. Агар бундан беш йил олдин истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ ҳажми 775 миллион 659 минг м3 ни ташкил этган бўлса,  шу йилнинг ўн ойида бу рақам  1 миллиард 260 миллион 12 минг м3га етди.

Самарқанд вилоятидаги  табиий газ тармоқлари  ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган бўлиб,  сўнгги йилларда, айниқса, қишнинг совуқ кунларида табиий газ тармоғининг сўнгги нуқталарида таъминот борасида муаммолар кузатилар эди. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Сиёб ҳудудида  яшовчи аҳоли бир неча йиллардан буён  қиш ойлари табиий газ босими пастлигидан  қийналиб келарди. Жорий йилдан мазкур муаммолар бартараф этилди.

– Оқдарё газ тақсимлаш станциясидан Самарқанд шаҳрининг Панжекент кўчасигача 11, 5 км масофада янги газ қувурлари тортилди, – дейди  “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Ансор Муҳаммадиев. – Мазкур иншоот ишга туширилгач, Самарқанд шаҳрининг Сиёб ҳудудидаги 20 га яқин маҳалладаги 15 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларида табиий газ босими яхшиланди. Бунинг учун “Hududgazta’minot” АЖ томонидан 14 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Гагарин кўчалари кесишмасидан Фирдавсий кўчасига узунлиги қарийб 0,5 кмлик табиий газ қувури тортилди. Натижада бир неча йиллардан буён куз-қиш мавсумида газ босими пастлигидан азият чекиб келган  Мирзо Улуғбек, Лолазор, Аҳмад Яссавий, Мафтункор, Дукчиён, Темирқишлоқ маҳаллаларида табиий газ таъминоти барқарорлашди.  .

Қиш-қировли кунларда “зангори олов” босимининг кескин пасайиб кетиши Ургут тумани марказидаги кўп қаватли уйлар ва хонадонларда яшовчи аҳолининг ҳам ташвишига айланган эди.

– Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида Ургут туманидаги газ тақсимлаш коллекторидан Д-219 ммли узунлиги 1, 5 км юқори босимли газ қувурлари тортилди, – дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қурилиш бўлими бошлиғи Аъзам Бобоалиев. – Бундан ташқари Ургут эркин иқтисодий зонаси учун  Тойлоқ газ тақсимлаш станциясидан 29,5 км янги газ тармоғи ишга туширилди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича махсус режа-жадвал ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур режага кўра, амалий ишлар жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб юборилганди. Бугунга келиб 4,9 км газ қувурларни мукаммал таъмирланиб, 6,45 км газ қувурлари реконструкция қилинди. Шу билан бирга вилоятдаги жами 8 минг 815 дона газ тақсимлаш қутиларини тафтиш қилиш, 54 та газ тақсимлаш пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари октябрь ойигача якунига етказилди.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида жами 498 397 та суюлтирилган газ истеъмолчилари рўйхатга олинган  бўлиб, шу йилнинг ўтган ўн ойида уO‘zbekchaларга 65 532 тонна суюлтирилган газ  маҳсулотлари етказиб берилди.

– 2021 йилдан “Hududgazta’minot” AЖ томонидан республика бўйлаб суюлтирилган газнинг ҳисоб-китобини юритишда  тўлиқ автоматлаштирилган тизим жорий этилганидан хабарингиз бор,– дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Хуршид Мелиев. – Бугунгача вилоятда истеъмол учун маиший газ баллонларнинг  565 746 тасига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилди. 479 339 та истеъмолчига ID-карталар тарқатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши истеъмолчилардан суюлтирилган газ бўйича  келиб тушаётган мурожаатларнинг кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

Айни кунларда вилоятда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлиги 40-45 кунни ташкил қилмоқда.

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер