2 тонна 135 кг 188 грамм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди
26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан мамлакатимизда кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида мусодара қилинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди.
Маълумотларга кўра, жами 2 тонна 135 кг 188 грамм гиёҳвандлик воситалари махсус тайёрланган майдонда ёқиш орқали йўқ қилинган. Йўқ қилинган моддаларнинг асосий қисми турли хил гиёҳвандлик воситаларидан иборат бўлиб, улар орасида 99 кг 882 грамм героин, 202 кг 555 грамм опий, 415 кг 124 грамм гашиш, 395 кг 739 грамм марихуана ва 613 кг 94 грамм каннабис ўсимлиги мавжуд бўлган.
Шунингдек, 153 кг 15 грамм кўкнор бошоғи ва сомони, 57 кг 847 грамм мефедрон, 29 кг 603 грамм а-ПВП, 5 кг 750 грамм спайс ва 5 кг 544 грамм катинон моддалари ҳам йўқ қилингани қайд этилди. Йўқ қилинган моддалар умумий миқдори ҳажми ва хавфлилик даражаси бўйича сўнгги йилларда аниқланган энг йирик партиялардан бири ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, ушбу гиёҳванд моддалар Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар томонидан ўтказилган махсус операциялар чоғида аниқланган ва мусодара қилинган. Бу каби тадбирлар мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ва аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида саломатликни муҳофаза қилиш борасидаги тизимли ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг