121 ёшли онахонга давлат мукофоти топширилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ёши улуғ онахонлардан бири — Бувсара момо 1903 йилда туғилган. Ҳозирги Иштихон туманидаги «Боғихон» маҳалласи «Ўразбоёвул» қишлоғида умр йўлдоши Авазхон ота Саидов билан 2 ўғил, 4 қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилган. Бугунги кунда 80 га яқин невара, чевара, 70 га яқин эвара ва бир нафар панневара ардоғида ҳаёт кечирмоқда.
Бувсара момо мамлакатимиз мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Каттақўрғоннинг Мойбулоғида вояга етган Бувсара Иштихонга келин бўлиб тушгач, турмуш ўртоғи Авазхон Саидов билан ҳаётнинг гоҳ мураккаб, гоҳ хотиржам ва бахтли даврларини кўрди. Уруш йилларидаги қийинчиликларни меҳнат билан ўтказди. Аммо нолимади, ўзини аямай ишлади. Боғдорчиликда пешқадам бўлди, пилла топшириш режасини неча ўн йиллар давомида ҳаммадан юқори даражада уддалади.
— Бу кунларнинг ҳар бир лаҳзаси азиз, қадрли, — дейди онахон. — Тинч, ҳамма шароитлар яратилган замонда ишлаш бу — катта бахт. Меҳнат қилган одам фаровон яшайди. Биз қийин даврларни бошимиздан ўтказдик, лекин ўшандаям нолиган эмасмиз. Нолишдан ортиқроқ бахтсизлик йўқ, аслида.
«Боғихон» маҳалласидаги бу намунали оила бугун ҳам одамларнинг эътибори ва эъзозида. Бунинг замирида ҳалол меҳнат, фидойилик бўлса ажабмас.
Мустақиллик байрами арафасида Бувсара момога давлатимизнинг юксак мукофоти вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебинисо Раҳмонова ҳамда Иштихон тумани ҳокимлиги масъуллари, бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари томонидан яқинлари даврасида тантанали тарзда топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг