101 ёшли ўзбек жангчисига Беларусь президенти эҳтиром кўрсатди

17:25 01 Апрель 2020 Жамият
1211 0

Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Олмалиқ шаҳридаги Янгиобод кўчаси, 10-уйда истиқомат қилувчи 101 ёшли Абдураҳим ота Мавлонов хонадонига иккинчи бор ташриф буюрди. Элчи ўтган йили отахоннинг табаррук 100 ёшга тўлиши муносабати билан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий совғаси “Дамас“ автоуловини топшириш тантанасида иштирок этиб, тортилган ош дастурхонида меҳмон бўлганди. Ўшанда Леонид Маринич иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74-йиллиги муносабати билан Абдураҳим Мавлоновни Беларусь Республикаси президенити номидан табриклаб унинг оиласига “Беларусь“ трактори совға қилганди.

Элчининг бу йилги ташрифи ҳам оилага катта қувонч келтирди. Леонид Маринич Абдураҳим Мавлонов билан самимий кўришаркан: “Ўтган йилги ошнинг таъми оғзимизда қолди ота”-дея ҳазиломуз гап бошлади. “Шундайми, баракалла, баракалла. “Меҳмон отангдек улуғ”-дейди халқимиз. Ош бўлса, ош-да болам”-дейди отахон меҳмонга қучоқ очаркан.

Расмий меҳмон бу гал Абдураҳим Мавлоновга Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг дил сўзлари битилган табрик мактубини ва “Белоруссияни немис-фашист босқинчиларидан озод қилинганлигининг 75-йиллиги” медалини топширди. Президент А. Лукашенко йўллаган мактубда жумладан бундай дейилади: “Халоскорлар! Сизга чексиз ҳурмат ва шон-шарафимиз бўлсин! Бошимиз ерга теккуничатаъзимдамиз! Сизларга мустаҳкам соғлик ва жамики эзгуликларни тилаймиз!”.

—Мамлакатимиз президенти ўз мактубларида такидлаганларидек, оддий аскар Абдураҳим Мавлонов қаршисида доимо ҳурмат келтириб бош эгамиз, — дейди элчи жаноблари. — У кишининг ва барча ўзбек жангчиларининг мамлакатимиз ҳудудини немис босқинчиларидан ҳимоя қилишдаги, айниқса, 1944 йил 3 июлда Минск шаҳрини озод этилишидаги қаҳрамонона жасоратини Беларусь халқи ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатимиз тупроқларида шаҳид кетган ўзбек йигитлари хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Меҳмонлар урушдан кейинги йилларда Қуйи Чирчиқ туманида истиқомат қилган Ергеш Кочкарбаев, Тошпўлат Мусуров, зангиоталик Тожибой Азизов, Исанали Мўйдинов, Тошкент туманидан Хидой Асқаров, бўкалик Анарбой Жалилов, пискентлик Сирожхон Саидмахмудов, чирчиқлик Григорий Колосовларни Беларусь халқи ўз халоскорлари сифатида эъзозлашини алоҳида таъкидлашди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер