100 ёшли онахон «Шуҳрат» медали билан тақдирланди

17:09 30 Август 2024 Жамият
344 0

Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган Сара она Тажибаева умргузаронлик қилади. Болалик ва ёшлик йиллари урушнинг оғир синовлари, очарчилик ҳамда қатағон даврига тўғри келган онахон юртимиздаги тўкин-сочинлик қадрига етиш ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Бугунги тинч ва осуда ҳаётимизга шукрона айтади. Ушбу хонадондан табаррук ёшдаги момонинг дуосини олиш учун йўқлаб келувчиларнинг қадами узилмайди.

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами онахон учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Президентимизнинг Фармонига асосан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги муносиб хизматлари учун Сара она Тажибаева «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Байрам арафасида вилоят ҳокими онахоннинг хонадонида бўлиб, унга давлатимиз раҳбари номидан юксак мукофотни топширди.

— Президентимизнинг бундай эътиборидан бошим кўкка етди, — дейди Сара она. — Бугун юртимиздаги улкан ўзгаришларни, биз кексалар учун яратилаётган шароитларни кўриб шу кунларга етказганига шукрона айтаман. Эл-юрт ардоғида яшаётганимдан, шундай саодатли кунларни кўриш насиб этганидан бахтиёрман. Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, халқимиз омон бўлсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер