1 октябрдан давлат хизматлари жойларга чиққан ҳолда кўрсатилади
Давлат хизматлари Адлия вазирлигининг Алоқа марказига (“Call-марказ”) ёки унинг расмий веб-сайтига мурожаат қилиш орқали кўрсатилади.
АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш тартиби тўғрисида маълумот берди.
“Call-марказ” орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади. Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиниши мумкин.
Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришга;
Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг