1 апрелдан ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати лойиҳаси ишга туширилади
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари маълумотига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва таянч ҳаракатида муаммолари бўлган болалар учун ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасаларига бориб келишларига қулайликлар яратиш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати лойиҳаси ишга туширилади.
Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан ушбу хизматни 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.
Лойиҳа доирасида транспорт хизматлари:
— ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, жумладан, ушбу муассасалардаги «Ғамхўрлик» гуруҳларида,
— умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида;
— реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга кўрсатилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқаролар 12 фоиз кешбекка эга бўлади
Давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтожларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ушбу тоифадаги инсонларга «Солиқ» мобил иловаси орқали ижтимоий кешбек олиш ҳуқуқи берилган.
«2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга чакана савдо объектларидан қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари сотиб олганда ва тиббий хизматлар учун харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбек ўрнига 12 фоиз қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) қайтарилади.
ҚҚСни қайтариб олиш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги истеъмолчи «Солиқ» мобил иловасини юклаб олиб, FACE ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканер қилиши лозим.
Мазкур жараёнда сотиб олинган товар қўшилган қиймат солиғи қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кирганлиги, харидор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да эканлиги ҳамда тадбиркор ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.
Қўшилган қиймат солиғи «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги фуқароларга ойига 3,7 млн. сўм (БҲМнинг 10 баравари) миқдоридаги харидлар доирасида қайтарилади.
ҚҚС суммасини чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг «Солиқ» мобил иловаси орқали қайтариб олиш мумкин.
Ижтимоий ходим — фуқароларга кўмакчи
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари маълумотига кўра, ижтимоий ходим — бу нафақат касб, балки инсонпарварлик тамойилларига содиқлик, жамиятнинг заиф қатламларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишнинг амалдаги ифодасидир.
Ижтимоий ходимлар ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлашга йўналтирган ҳолда, мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган шахслар ва оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатадилар.
Жумладан, фарғоналик Комилахон ая Хайитбоеванинг саломатлигида айрим муаммолар кузатилаётган эди. Бундан хабар топган ўғли маҳалладаги ижтимоий ходим кўмагида санаторийга йўлланма учун электрон тарзда ариза қолдирди. Вақт ўтиб, Комилахон аянинг навбати яқинлашди — 10 март санасида «Олтиариқ» санаторийсига жўнаб кетади.
«IHMA Sanatoriy» тизими орқали 2024 йилда Фарғона вилоятида 4 минг 665 нафар фуқаро санаторийларга юборилган бўлса, жорий йил бошидан буён бу рақам 781 нафарни ташкил этмоқда.
Янги тизим навбатларнинг қисқаришига олиб келди. Бунинг натижасида ногиронлиги бўлган шахслар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёлғиз кексаларга ўз саломатликларини тиклаш учун санаторийларга бориш имкони яратилди.
Маҳлиё РАҲМАТОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг