ЖССТ: Дунёда коронавирусга чалиниш кўрсаткичи 17 фоизга камайди

15:11 03 Ноябрь 2022 Дунё
822 0

Фото: ССВ

Ўтган ҳафта дунёда коронавирус пандемияси яна бир қадам ортга чекинди. Бу сўнгги ойларда сайёрамизда СOVID-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашаётганини англатади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги баёнотига кўра, 24-30 октябрь кунлари Ер юзида 2,3 миллиондан ортиқ кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Улардан 9,3 минг нафардан зиёди хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Хўш, бу кўпми ё кам?

Таҳлилларга кўра, бу даврда хасталаниш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 17 фоизга камайган. Хусусан, сезиларли пасайиш динамикаси Африка (-39 фоиз) ва Европа (-34 фоиз) мамлакатларида қайд этилди. Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Ғарбий Тинч океани минтақаси давлатларида эса кўрсаткичлар 5 фоиз ўсиши кузатилди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада COVID-19 дан ўлим статистикаси 5 фоизга камайди. Бу ҳолат асосан Европа (-31 фоиз) ва Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси мамлакатларида (-15 фоиз) рўйхатга олинди. Африка (+55 фоиз), Америка (+23 фоиз), Жануби-Шарқий Осиё (+13 фоиз) минтақасида эса бунинг акси қайд этилди.

24-30 октябрь кунлари энг кўп беморлар рўйхатга олинган мамлакатлар:

— Германия — 346 672,

— Япония — 281 974,

— АҚШ — 259 066,

— Хитой — 257 994,

— Жанубий Корея — 241 465.

Шунингдек, касалликдан қуйидаги мамлакатларда энг кўп бемор вафот этди:

— АҚШ — 3187,

— Россия — 567,

— Италия — 559,

— Бразилия — 553,

— Хитой — 489.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер