Жондорда Маҳмуд Торобий номидаги ватанпарварлик боғи очилди
Жондор туман марказида салкам беш гектар майдонни эгаллаган ватанпарварлик боғи барпо этилиб, унга халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий номи берилди. Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги тадбирлари доирасида шу ўзига хос масканнинг очилиш маросими ўтказилди.

Ўзига хос дейишимизнинг боиси бор. 3 миллиард сўмлик қурилиш- таъмирлаш ишлари бажарилган бу гўшада ҳарбий-техника воситалари — танк, зирҳли транспортёрлар, вертолёт, самолёт, турли калибрли артиллерия қуроллари ўрин олган. Кўргазмали воситалар ўрнатилган. Боғ тўрида эса Маҳмуд Торобий ҳайкали қад ростлаган.
— Манбалардан биламизки, 1238 йилда шу яқин-атрофдаги қишлоқлар аҳолиси Маҳмуд Торобий бошчилигида мўғул босқинчиларига қарши курашга киришганлар, — дейди мазкур ҳайкал муаллифи Қурбон Норхўрозов. — Аммо кучлар тенг бўлмаган жангда озодлик курашчилари мағлуб бўлишган. Шогирдларимиз билан уни эл- юртнинг чинакам қалқони қиёфасида тасвирлашга ҳаракат қилдик.

Боғнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Зарипов бу маскан ёшларимизни ватанпарварлик, она-юртга садоқат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшишини, мақсад миллий қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, туманда бундай боғнинг барпо этилгани, Маҳмуд Торобий номи абадийлаштирилгани хайрли иш бўлди. «Халқ сўзи»нинг расмий сайтини кузатиб бораётганлар хабардор бўлишса керак: Кейинги бир ярим йил оралиғида сайтимизда «Халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий қалъасига муносабат шуми?”, «Жондорда «Қаҳрамонлар хиёбони бунёд этиладими?” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этилганди. Маҳмуд Торобий номидаги ватанпарварлик боғининг очилиши шу нуқтаи назардан айни муддао бўлди. Шу билан бирга туман маркази яқинида Торобий қалъаси жойлашганини, у ташқи таъсирлар оқибатида емирилиб бораётганини эслатмоқчимиз. Бу гўша ободонлаштирилса, реставрация қилинса ва сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айлантирилса, буюк аждодларимиз олдидаги яна бир қарзимизни узган бўлур эдик.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг