Жонажон Ватанимизнинг бирдамлик қўшиғи

13:16 10 Декабрь 2018 Жамият
2996 0

Архив фото

10 декабрь — Ўзбекистон Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

Ҳар сафар давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифи чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида ёки йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида миллий мадҳиямиз янграйди. Шунда кўнглим тоғдек кўтарилади. Мадҳиямизнинг муаззам садолари юрак-юрагимга кириб боради, гўё. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси ҳам унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.

Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги, давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва яратувчанликка хизмат қиладиган истиқлол рамзидир.

1992 йил 10 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир. Унда халқимизнинг орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган, бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлини инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг тинч-осойишта, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш асосига қурди, халқаро ҳамжамиятга фаол интеграциялашув жараёнида тенг ҳуқуқлилик тамойили асосида “тенглар ичра тенг” бўлиши, тинчлик ва барқарорлик сиёсатидан оғишмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. 
Мазкур Қонунга 2010 йил 24 декабрда ўзгартиш киритилиб, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи ифодаланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда мадҳиямиз мусиқаси муаллифи — Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бу йил давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, партиямиз миллий ўзликни англаш, ватандошларимизда миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларининг мустаҳкам қарор топиши масалаларига ҳамиша катта аҳамият қаратади. Фуқаролар, айниқса, ёшларни давлат рамзларини эъзозлаш, ардоқлаш, уларга ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашиб келмоқда. Давлат рамзларининг маъно-мазмунини, аҳамиятини кенг тарғиб этишга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этиб, рамзларимизнинг қонунчилик асосларини ёшларга етказишга эътибор қаратмоқда.

Умуман айтганда, давлатимиз мадҳиясидаги ҳар бир сўз миллий ўзлигимиз, қадрият ва анъаналаримизни ёдимизга солишини инобатга олсак, унинг маънавий тарбиячи эканини яққол ҳис этамиз. Ёшлар онгу шуурига ана шундай фикр-ғояни сингдириш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зотан, мадҳиямизга ҳурмат — миллий ўзлигимизга, урф-одат, қадрият ва анъаналаримизга ҳурматдир. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда. Демак, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.
Алишер ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши раиси ўринбосари,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер