Жиззахдаги жазони ижро этиш манзил-колониясидан қочган маҳкумлар ушланди
Фото: Иллюстратив фото
Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган 30-сон жазони ижро этиш манзил-колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумлар Н.М. ва К.А.лар кечки йўриқномага келмаганликлари ва маъмуриятнинг рухсатисиз муассаса ҳудудини тарк этганликлари ҳақида хабар берилган эди.
Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида жорий йилнинг 5 дан 6 январга ўтар кечаси маҳкумлар Н.М. ва К.А. Андижон вилоятининг чегара ҳудудларидан бирида жамоатчилик ёрдамида қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилганлар.
Ҳолат юзасидан текширув тайинланган бўлиб, жазони ижро этиш муассасасини рухсатсиз тарк этган маҳкумларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Жиноят-ижроия кодексига кўра, жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланган манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар колония ҳудуди доирасида соқчисиз, эркин юриш, ишлаш, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз ҳаракатланиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Белгиланган тартибни бузган маҳкумлар қатъий назорат остига, яъни илгари жазо муддатини ўтаган умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колонияларга қайтариладилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг