Жиззахда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди
Жиззах вилояти ҳокимлиги Анжуманлар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, мунис онахонлар ва барча аёлларни байрам билан самимий муборакбод этди.

Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.

- Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар. Уйимизда бир кунгина онамиз, аёлимиз, қизимиз ёки келинимиз бўлмаса, уйимиз гўё файзсиз бўлиб қолгандай туюлади. Шунинг учун аёлларни минг бир сифат билан таърифлаймиз. Уларни ойга, қуёшга, гулга ўхшатамиз. Ҳаё маликаси, муҳаббат меҳвари, садоқат рамзи деймиз, - дейди вилоят ҳокими ўз табрик сўзида.

Тантанали тадбирда турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол хотин-қизлар эсдалик кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли сўз устаси Аваз Охун ва вилоят санъаткорлари ҳамда ижрочи ёшларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбири Жиззах шаҳридаги “Шоҳсарой” тантаналар мажмуасида тўкин дастурхон атрофида дилдан қурилган ширин суҳбатлар билан давом этди.
Айни кунларда байрам тадбирлари Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманлари марказларида, корхона, ташкилот ва муассасаларида кенг нишонламоқда.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг