Жиззахда интерактив доскаларни қиммат нархда сотмоқчи бўлган Департамент ходими ва мактаб директори ушланди

15:31 16 Март 2026 Жамият
195 0

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари прокуратура билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида йирик коррупцион ҳолатни фош этди.

Аниқланишича, ИЖҚКД Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили ўзининг муқаддам судланган таниши ва мактаб директори билан тил бириктириб, техника таъминоти билан шуғулланувчи МЧЖ иш бошқарувчисининг ишончига кирган. Улар МЧЖ ва Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 20 дона интерактив доска етказиб бериш бўйича шартнома тузилишини таъминлаб беришни ваъда қилишган.

Мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, аслида 15,2 млн сўм турадиган доскаларни МТБга 25 млн сўмдан ўтказиб бермоқчи бўлган. Ушбу “хизмати” эвазига тадбиркордан 85 млн сўм талаб қилган.

Дастлаб Департамент ходимининг шериги (1989 й.т. фуқаро) 85 млн сўмни олган вақтида ушланди. Сўнгра тадбир давом эттирилиб, Департамент ходими ва мактаб директори ўз яшаш хонадони олдида шеригидан 30 млн сўмни қабул қилиб олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Департамент ходими ва мактаб директорига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер