Жиззахда 55 нафар ҳоким ёрдамчиси жазоланди
Иллюстратив фото
Жиззах вилоятидаги 55 нафар ҳоким ёрдамчиси маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бизнес омбудсман ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Омбудсман томонидан тадбиркорлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши таҳлил қилинганда, айрим ҳоким ёрдамчилари томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 373-сон қарорига асосан, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорнинг кредит олиш учун аризасини 5 кун ичида кўриб чиқиб, Ягона электрон платформага ўз хулосасини киритиши шарт.
Аммо Жиззах вилоятидаги 55 нафар ҳоким ёрдамчиси ушбу талабга риоя қилмаган. Уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида 110 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмади.
Зомин туманидаги “Яхши ният” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбарининг кредит олиш учун аризаси белгиланган муддатдан 60 кунга кечикиб кўриб чиқилгани бунга мисол бўла олади.
Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг