ЖИДУ базасида Колумбия университети Бизнес мактабининг Марказий Осиё филиали очилади
Фото: AP
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори Содиқ Сафоев Колумбия университети Халқаро алоқалар мактаби директори Уилям Эймике билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан «Халқ сўзи»га маълум қилинишича, учрашувда мамлакатимизда кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилган, академик ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган ва АҚШ университети билан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари кўриб чиқилган.
АҚШлик профессорнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ўз тараққиётида жуда муҳим тарихий босқични бошидан кечирмоқда.
«Мамлакат раҳбарияти томонидан таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги сиёсат стратегик йўналишда, узоқни кўзлаган ҳолда олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим», деди У. Эймике. Унинг фикрича, маҳаллий олий ўқув юртлари ва етакчи халқаро университетлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш республиканинг барқарор ўсиш салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Колумбия университети ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Ҳужжатга мувофиқ, ЖИДУ базасида Колумбия бизнес мактабининг Марказий Осиё филиалини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. У Колумбия университети бизнес мактаби билан ҳукумат вакиллари орасидан маҳаллий кадрларни тайёрлаш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилади.
Келишувда, шунингдек, ЖИДУ қошида махсус илмий-тадқиқот марказини биргаликда яратиш ҳам назарда тутилган. Марказда минтақавий ва глобал миқёсда иқтисодий ривожланиш, сиёсий иқтисод ва давлат бошқарувидаги фанлараро тадқиқотлар ўтказилади.
Бундан ташқари, Колумбия университети индивидуал фанлар бўйича ўқув дастурлари ва тадқиқотларини ишлаб чиқишга кўмаклашишга, икки университет ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини ташкил этишга ҳамда қўшма академик лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш учун томонлар ҳамкорликнинг аниқ устувор йўналишлари ва муддатлари кўзда тутилган Йўл харитасини ишлаб чиқади ва уни амалга оширади.
Маълумот учун: Колумбия университети — хусусий тадқиқот университети 1754 йилда ташкил этилган. У Нью -Йоркдаги энг қадимий олий ўқув юрти ва АҚШдаги бу борада бешинчи ОТМ ҳисобланади.
Колумбия университети дунёдаги энг яхши университетлардан бири бўлиб, унинг битирувчилари орасида етти нафар АҚШ асосчиси, тўрт нафар АҚШ президенти, 29 нафар хорижий давлат раҳбарлари, ўн нафар АҚШ Олий суди судьяси, 96 нафар Нобел мукофоти совриндори, 33 нафар Оскар мукофоти ва 125 нафар Пулицер мукофоти ғолиблари ҳамда ҳозир ҳаёт бўлган 53 нафар миллиардер бор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг