Жажжи рассомлар тақдирланди
«Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси тасарруфидаги «Фарҳод» маданият саройи «Тасвирий санъат студияси» ўқувчи рассомлари Чехия давлатида бўлиб ўтадиган анъанавий «Lidice — 2023» 51-Халқаро болалар тасвирий санъат кўргазмасида ғолибликни қўлга киритди.
— Мазкур танловда иштирок этиш учун ўқувчиларимизнинг ижодий ишларини почта орқали Чехия Республикасига жўнатган эдик, — дейди студия раҳбари Нилуфар Хўжаева. — Тўрт нафар ўқувчининг ижодий маҳсули ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳолангани қалбимизни ифтихорга тўлдирди.
Ғолибларни тақдирлаш маросими Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида ўтказилиб, уларга Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ўқувчиларга махсус сертификатларни топширди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, ушбу танловга 1967 йилда асос солинган бўлиб, у Чехиянинг Иккинчи жаҳон урушида болалари ёппасига қириб ташланган Лидис қишлоғи номи билан аталган. Кўргазмада 16 ёшгача бўлган болалар ўз ижодий ишлари билан қатнашишлари мумкин.
Темур ЭШБОЕВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг