Жамшид Ходжаев Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Бағдод Амреев билан учрашди

22:05 25 Октябр 2022 Сиёсат
1326 0

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Бағдод Амреев билан учрашди.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ва ТДТ иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилишини назарда тутган ҳолда Кенгаш доирасидаги йирик тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирларни юқори ташкилий даражада ва мазмунли ўтказиш мақсадида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Ташкилот доирасида савдо, инвестициявий ва молия соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни имзолаш жараёнини тезлаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

«Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги илмий-тадқиқот маркази» ва «Муҳандислик ва технологиялар маркази»ни ташкил этиш ташаббусларини амалга ошириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланди. ТДТ давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ушбу ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар эришилган келишувлар ва юқори даражада илгари сурилган ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кейинги амалий чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар, шунингдек, Ўзбекистон ва Ташкилот ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер