Жамоатчилик назорати: Ўзаро ҳамкорлик кафолатланмоқда
Жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти ривожида долзарб аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда унинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бинобарин, Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. «Ўзбекистон Республикаси жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишда дастуриламал бўлмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига давлат ҳокимияти органларининг ҳисобдорлигининг йўлга қўйилиши, «Электрон ҳукумат»нинг жорий этилиши, “Mening fkrim” веб-портали фаолиятининг татбиқ этилиши жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, давлат бошқаруви органларининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлиги қилинаётган ишларнинг очиқ-ошкоралиги, энг муҳими, уларнинг масъулиятли бўлишини таъминлаяпти.
«Электрон ҳукумат» жорий этилгач, бир қатор ўзгаришлар бўлди. Чунончи, давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги анча ортди, давлат органлари хизматларидан фойдаланиш кенгайди ва осонлашди, уларни алоҳида фуқароларга тақдим этиш имконияти вужудга келди, фуқароларни сиёсий жараёнларга ва давлат бошқарувига жалб этиш имконияти юзага келди, ахборотлардан фойдаланиш ва уларни алмашиш тезлашди, асосийси, қулайликлар яратилди.
«Менинг фикрим» веб портали орқали эса Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат бериш имконияти тақдим этилди. Ҳозирда ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, мамлакат қонунчилик тизимини ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдиришмоқда.
Фуқаролик жамияти шаклланишида фуқаролик жамияти барча институтларининг ўзаро ҳамкорликда ишлаши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, жамоатчилик назоратининг мақсади — давлат ҳокимияти органларининг аҳоли олдидаги барча мажбуриятларини қандай бажараётганликларини назорат қилишдан иборат. Давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги эса жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун қулай имконият яратади.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 16 апрелдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилгани жамоатчилик назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, палата олдида давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари иши устидан назоратни кучайтириш, «халқ дипломатиясини» ривожлантириш масаласи долзарб этиб белгиланди.
Тан олиш керак, бугун жамоатчилик фикрини ўрганиш, уни мунтазам бойитиб бориш, мавжуд муаммоларни тизимли равишда таҳлил қилиш, ечимини топиш учун ОАВ ва хўжалик бошқаруви органлари таркибида янги шакл ва мазмунда ташкил этилган ахборот хизматларининг беқиёс ҳиссаси бор. Шу сабаб, бу бўғинни давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим йўналиши, дейиш мумкин.
Сўнгги икки йил давомида ОАВга алоҳида эътибор қаратилиши, сўз эркинлигининг таъминланиши давлат ва жамият ўртасидаги кўприкнинг мустаҳкамланишига ва узлуксиз алоқаларнинг кафолатланишига олиб келди. Гарчи, кўп ҳолларда айрим келишмовчиликларни келтириб чиқараётган бўлса-да бу фаолликни ижтимоий тармоқлар ва блогерлик фаолиятига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Энг асосийси, жамиятнинг фаоллиги ва сиёсий жараёнларга қизиқиши ва аралашуви ортди. Кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида. Жамоатчилик назорати кучайди, улар ҳар бир жараёнларга ўз муносабатларини билдира бошлади, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик яратилди.
Умида РАҲМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг