Жамғарма маблағлари мақсадли сарфланяптими?
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда оилавий болалар уйлари фаолияти ҳамда “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Мақсад маҳаллий Кенгашлар депутатларининг оилавий болалар уйлари фаолиятида ҳамда “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишида фаол депутатлик назоратини олиб бориш, ижтимоий ҳимояга муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашда халқ вакилларининг тутган ўрнини оширишдан иборат.
Сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Жумладан, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 26 та меҳрибонлик ҳамда болалар уйларининг фаолияти тугатилди, шундан 14 таси Меҳрибонлик уйи, 4 таси болалар шаҳарчаси ва 5 таси болалар уйи ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 2 та Меҳрибонлик уйида 255 нафар, 3 та “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари”да 164 нафар, 8 та болалар (гўдаклар) уйида 340 нафар, 137 та оилавий болалар уйида 739 нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида “Меҳр дафтари” тизими амалиётга жорий этилди. Мазкур платформа ишга туширилиб, бугунги кунда унга 8 минг 921 нафар (4610 нафар ўғил ва 4311 нафар қиз) бола киритилган, 4 минг 452 нафар боланинг муаммолари ўрганилиб, 3 минг 171 нафар боланинг масаласи ижобий ҳал этилди. Уй-жойга муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 406 нафар боланинг 388 нафарига уй-жойлар берилган.
Семинар давомида депутатларга тегишли тавсиялар берилди. Хусусан, “Меҳр дафтари” жамғармасига тегишли маблағларнинг ўз вақтида туширилишини назорат қилиб бориш ва бу борадаги муаммоли масалаларни маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига олиб чиқиш, оилавий болалар уйларида тарбияланаётганлар ҳолидан хабар олиш, талаб ва истакларини эшитиш, уларни уй-жой билан таъминлашда шаффофликни таъминлаш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг