Жаҳон банки: Ўзбекистон таълим тизимини пандемия шароитларига тезда мослаштира олди

16:11 27 Апрель 2020 Жамият
1595 0

Яқинда Жаҳон банки сайтида “Ўзбекистон: мактаблар ёпилган пайтда таълим бериш учун ўз вақтида қилинган жавоб” сарлавҳасида мақола эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабар берди.

Жаҳон банкининг таълим сектори менежери Гарри Патринос, таълим бўйича етакчи мутахассис Янссен Тейшейра ва Жбнинг Тошкентдаги офиси таълим бўйича мутахассиси Нодира Мелибоева ушбу материал муаллифларидир. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу касаллик билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилиши билан барча мактабларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Орадан икки кун ўтиб Халқ таълими вазирлиги карантин пайтида 6,1 миллион ўқувчи учун масофавий ўқитишни жорий этишдек илгари кузатилмаган режасини эълон қилди.

Экспертларнинг фикрича, бутун дунёда ўқувчиларни масофавий ўқитиш усулига ўтказиш жараёнида барча ҳам ресурслар ҳамда электрон таълим бўйича тенг шароитларга эга бўлмайди. Боз устига, ушбу пандемия инқирози кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига энг кўп зарар етказяпти. Кўпчилиги эса узоқ ҳудудларда яшаганлари учун уларда электрон қурилмалар ёки Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд эмас, деб ёзади ЖБ вакиллари.

Уларнинг эътироф этишича, республикада интернет ресурслари чекланган бир шароитда теледарсларнинг йўлга қўйилиши анъанавий ўқитиш усуллари вақтинча тўхтатилган давр учун муносиб жавобдир. Зеро, рақамли кўрсатувилар бутун мамлакат бўйлаб узатилади, шунингдек, истеъмолчилардан ортиқча харажатлар ҳамда янги инфратузилма ечимларини талаб қилмайди.

Мақолада ўтган бир неча кун ичида ўзбек, рус ва имо-ишоралар тилида 350дан ортиқ видеодарслар миллий телеканалларда трансляция қилинганига тўхталиб ўтилган. Қолаверса, бундай материаллар вазирликнинг ижтимоий тармоқ платформалари қатори YouTube ва Mover.uz видеохостингларига жойлаштирилди.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги дипломатик миссия маълумотига кўра, интернет хизматларини кўрсатувчилар ва GSM мобиль алоқаси операторлари томонидан Халқ таълими вазирлигининг ички электрон ресурслардан бепул фойдаланиш имконияти яратиб берилгани аҳоли ўртасида ижобий кутиб олиняпти. Бу ўз навбатида техник имкониятларга эга барча ўқувчилар учун интернет орқали билим олиш даражасини сезиларли равишда оширмоқда.

Бугунги кунда кунига ўртача 100 та видеодарс бериб бориляпти. Бу эса пандемия шароитида ҳам таълим дастурларини қандайдир танаффусларсиз ва узлуксиз ўтишни таъминлаяпти, деб ёзади муаллифлар.

Халқаро ташкилот вакилларининг айтишича, инқирозли вазиятлардаги фавқулодда масофадан ўқитиш билан яхши ўйланган онлайн дастурлар ўртасида фарқ бор. Уларнинг фикрича, ноанъанавий таълим бериш турларини жорий этаётган кўплаб давлатларнинг саъй-ҳаракатларида коронавирус пандемияси сабабли орттирилаётган қимматли тажрибалар ҳам инобатга олиниши керак.

Экспертлар хулоса ўрнида таъкидлашганидек, Ўзбекистон фавқулодда вазиятларга тезкор ва креатив жавоб қайтара олди. Бу эса республика раҳбариятининг пандемия даврида ҳам аҳолининг кўмакка муҳтож қатламлари таълим олишини қўллаб-қувватлашга қодир эканлигидан дарак бериб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер