Заргарлар фаолиятига имкониятлар кенгайди

20:49 07 Апрель 2021 Иқтисодиёт
1124 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 7 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металларнинг эркин муомаласи йўлга қўйилмоқда. Бу эса, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имкониятлар яратади. Тадбиркорлик субъектлари қимматбаҳо металларни бевосита ишлаб чиқувчиларнинг ўзидан ёки биржадан сотиб олиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларга бўлган эгалик ҳуқуқини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Натижада тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахслар эндиликда қимматбаҳо металларга эгалик қилиш, ўрнатилган тартибда уларни эркин тасарруф этиш имконини оладилар.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг заргарлик саноати соҳасидаги фаолиятини жонлантиришга, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, қимматбаҳо металлар ноқонуний айланмасининг олдини олишга ва пировард натижада янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер