Зарбдор обод маҳаллага айланди
Фото: "Халқ сўзи"
Тўрақўрғон тумани марказидан ўн беш чақирим олисда жойлашган “Зарбдор” маҳалласи аҳли учун якунланаётган йил қувончли келди. Бу ерда “Обод маҳалла”, “Обод кўча” ва “Обод хонадон” мезонлари асосида амалга оширилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари натижасида ҳудуд бутунлай ўзгача қиёфа касб этди.
Биринчи навбатда 6,5 километр янги тармоқ тортилиши билан мингдан ортиқ хонадоннинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Учта юқори қувватли трансформатор қурилмаси ўрнатилиши энергия таъминоти узлуксизлигига кафолат яратган бўлса, 1,5 километр йўлнинг асфальтдан чиқарилиши кўчаларни равон ҳолатга келтирди. Маҳалла фуқаролар йиғини эса янги тикланган замонавий бинога кўчиб ўтди.
— Бу ишларга ҳаммаси бўлиб 2,8 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди, — дейди меҳнат фахрийси Икромжон Абдусаломов. — Бу озмунча маблағ эмас ва қўрғонимизни чиройини бутунлай очиб юборди, маҳалладошларимиз турмушига мазмун кирди.
Зарбдордаги ўзгаришларга ҳамоҳанг аҳолининг фаоллиги ҳам ошган. Аксарият хонадонлар ўз ҳовлиларини ўзгаришларга мослаб қайта қуришди, ҳашар асосида кўча бўйлари, хиёбонлар ҳавас қиларли ҳолатга келтирилди. Тадбиркор Назокат Адҳамова фуқаролар йиғини собиқ биносини тасарруфига олиб, тикувчилик цехига айлантирди ва 20 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлади.
Наманган вилоятида жорий йил бошидан буён 5 та маҳалла юқоридаги мезонлар асосида обод ва кўркам ҳолатга келтирилиб, уларда 20 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг