Замонавий касаба уюшмаси ҳаракатида таълим соҳасидаги хотин-қизларнинг ўрни

15:36 05 Март 2025 Жамият
201 0

Пойтахтимиздаги 110-умумтаълим мактабида «Замонавий касаба уюшмаси ҳаракатида таълим соҳасидаги хотин-қизларнинг роли» мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда тармоқ касаба уюшмаларида амалга оширилаётган ишлар ва самарали фаолият юритаётган хотин-қизларга эътибор қаратилди. Шунингдек, бир қатор вазирлик ва идоралар, ҳамкор ташкилотлар масъуллари ҳамда кўплаб касаба уюшмаси фаоллари иштирок этди.

Тадбир дастурига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши раиси Г. Тўхтаева, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Н. Ғоибназарова маъруза қилди.

Шунингдек, “Miss Universe Uzbekistan” танлови ғолиби, “Коинот гўзали — 2024” танлови иштирокчиси Н. Фахриддинова сўзга чиқиб, гўзаллик сирлари, соғлом турмуш тарзи ҳақида мастер-класс ўтказиб, керакли тавсиялар берди.

Тадбирнинг кейинги қисмида энг фаол туман ва шаҳар кенгаши раислари ўртасида беллашув бўлиб ўтди. Ушбу танлов “Замонавий раҳбар аёл” деб номланиб, иштирокчилар 3 та шарт бўйича беллашди. Биринчи шартда муаммоли вазиятлар бўйича саволларга жавоб беришди. Иккинчи шартда замонавий касаба уюшмаси бўйича тасаввурларини кўргазмали баён қилишди. Учинчи шартда эса миллий кийим намойиши бўлиб ўтди.

Танлов ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, касаба уюшмаси Чуст туман бўлинмаси кенгаши раиси, Халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши депутати М. Фазлиддинова олий ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, тадбирда халқимиз севган санъаткорлар хотин-қизларга аъло кайфият улашди. Якунда барча меҳмонлар ва иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер