Замонавий кадрлар тайёрлашга киришилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». 2025 йилда Қашқадарё вилоятида 600 мингта янги иш ўрни яратилиши режа қилинган. Уларнинг асосий қисми 3,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳамда тадбиркорлар лойиҳалари ҳисобидан амалга оширилади. Инвестицияларнинг 80-85 фоизи замонавий технологиялар кўринишида кириб келади. Демакки, режадаги иш ўринлари яратилгани билан у ерда ҳамма ҳам ишлаб кетолмайди. Бунинг учун замонавий технологияларни тушунадиган, билимли, малакали кадрлар зарур.
Хўш, айни пайтда вилоятдаги ёшларни касб-ҳунарга тайёрловчи муассасалар шу жиҳатга эътибор қаратаяптими? Уларда тайёрланаётган мутахассислар бугун меҳнат бозоридаги рақобатга қанчалик дош беради?
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг профессионал таълим муассасалари директорлари билан ўтказган учрашувида мана шундай оғриқли масалалар муҳокама қилинди.
— Қўлида касби, ҳунари бўлмаган ёки тил билмаган ўғил-қизларимизнинг камбағаллик қопқонига тушиб қолмаслигига кафолат йўқ, — дейди Муротжон Азимов. — Ёшларни замона талабидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш профессионал таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугун вилоятда ишни тўғри йўлга қўйган, профессионаллашув жиҳатидан ҳам, молиявий имкониятлар борасида ҳам жадал одимлаётган, дуал таълим асосида ўқитишни 60-70 фоизга етказган касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар бор. Бироқ аксарият профессионал таълим муассасаларида қатор камчиликлар йиғилиб қолган. Масалан, уларда тайёрланаётган кўпчилик касблар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Мутахассислар тайёрлашда меҳнат бозоридаги талаб инобатга олинмаган. Натижада коллежни тамомлаган мутахассис ўзига муносиб иш тополмайди.
Йиғилишда вилоятдаги профессионал таълим муассасаларининг ўттиз фоиздан ошиғи ярим коэффициент билан ишлаётгани, уларда янгиликка интилиш, ривожланиш йўқлиги аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинди. Бу муассасалар ёшлар орасида таълим жиҳатидан ўз жозибадорлигини йўқотгани қайд этилди.
Масъулларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун профессионал таълим муассасаларида тайёрланаётган касблар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлашни кўпайтириш, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шу куни вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар бир қатор профессионал таълим муассасаларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг