“Заковат”чи акаларга ҳавасим келади — Сирожиддин Убайдуллаев
Фото: "Халқ сўзи"
Муҳаммадшариф Сўфизода номли Наманган вилоят болалар кутубхонасида ёшларни китоб мутолаасига қизиқтириш, уларнинг дунёқараши ва эркин фикрлашини шакллантиришга йўналтирилган тадбирларни тез-тез уюштириш одат тусига кирган.
Яқинда бу ерда мактаблардан сараланган аълочи ўқувчилар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилиб, уларнинг зукколиги синовдан ўтказилди. Унда 7 — 11 синф ўқувчиларидан таркиб топган жамоаларнинг 70 нафардан зиёд билимдонлари баҳсга киришди. Ўқув фанлари, маънавият, тарихий фактлар, урф-одат ва қизиқарли воқеалар билан боғлиқ мураккаб саволлар қатнашчиларни бирмунча ўйлантирганига қарамай ёшлар уларга аниқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилишди.
— Телевидение орқали намойиш этилаётган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди, — дейди Поп туманидаги 67-умумтаълим мактаби “Билимдонлар” жамоаси сардори Сирожиддин Убайдуллаев. – Улар бошловчи томонидан берилган кутилмаган саволга чуқур дунёқараш, тарих фанини пухта билиш, кучли мантиқий фикрлаш салоҳияти орқали жавоб берадилар. Биз ҳам ана шу зукко ака-опаларимизга ҳавас қилиб, бугунги ўйинда бор билимимизни ишга солдик.
Якунда “Билимдонлар” жамоаси энг юқори натижага эришиб, биринчи ўринни эгаллади. Мингбулоқ ва Чортоқ туманидан келган ёшларга кейинги фахрли ўринлар насиб этди. Ғолиб жамоалар кутубхона маъмурияти ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг