Ютуқларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Сўнгги беш йил ислоҳотлари. Бу ҳақда жуда кўп гапириш мумкин. Аммо ютуқларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Бунинг ортида катта меҳнат ётади. Аввало, давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳада туб ўзгариш қилиш, ривожлантириш мақсадида янги ғоя ва инновацион технологияларни татбиқ этишга жиддий аҳамият қаратилди.
“Хўш, самараси қандай бўлди”, дерсиз. Бу саволга биргина Давлатобод тумани иккинчи сектор фаолияти мисолида жавоб қидирамиз.
Таъкидлаш жоизки, “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар учун муносиб турмуш шароит ҳамда доимий даромад манбаини яратиш сектор фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони сифатида белгиланган.
Шунга кўра, сектор ҳудудидаги турмуш шароити оғир оилалар, эҳтиёжманд ёшлар ва аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Сектор ҳудудидаги мавжуд 6556 та хонадонда 9,9 минг оила бўлиб, уларда 30 мингга яқин фуқаролар истиқомат қилиб келади.

Хатлов натижасида 74 та оила эҳтиёжманд сифатида “темир дафтар”га киритилган. Ушбу дафтардаги оилаларнинг меҳнатга яроқли оила аъзоларининг 4 нафари ишга жойлаштирилди, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 6 та оилага иссиқхона қуриб топширилди. 14 оилага тикув дастгоҳи берилди,
айрим оилаларда асаларичилик, паррандачилик фаолияти йўлга қўйилди. Оилаларни касаначиликка жалб қилишга ҳам эътибор қаратиляпти.
Ҳомийлик маблағи ҳисобидан битта оиланинг уй-жойи қуриб берилган бўлса, иккитасининг тураржойи таъмирлаб берилди. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 65 та оиланинг доимий даромад манбаи яратилиши муносабати билан “темир дафтар”дан чиқарилди.
Аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида 467 нафар эҳтиёжманд аёллар “аёллар дафтари”га рўйхатга олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, ишсиз 271 нафар аёлнинг 201 нафарини ишга жойлаштирилди, 26 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 34 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредитлар ажратиб берилди, 10 нафарининг томорқаларидан даромад олишлари йўлга қўйилди.
Туман прокурори ташаббуси билан туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда 78 нафар тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада ушбу аёлларнинг 14 нафарига имтиёзли даволанишга ордер, 14 нафарига стационар ва 16 нафарига амбулатор шароитда даволаниш, 2 нафарига дам олиш сиҳатгоҳига йўлланмалар, бир нафарига эшитиш мосламаси ҳамда етти нафарига бепул дори-дармонлар берилди. Икки нафарига ногиронлик нафақаси тайинланиб, қолган 22 нафарига тиббий муолажалар кўрсатилди.

Бу борада амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, “аёллар дафтари”га киритилган аёллардан 465 нафарининг муаммоси амалда ҳал этилиб, рўйхатдан чиқарилди.
Бундан ташқари, хатлов натижасида сектор ҳудудида турмуш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 391 нафар ёшлар аниқланиб, “ёшлар дафтари”га киритилди. Ушбу ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида манзилли ишлар ташкил қилинди.
Хусусан, ишга муҳтож ёшларнинг 63 нафари бандлиги таъминланди, 96 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 102 нафарига 570 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашилди, 41 нафари “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилди, 16 нафари “устоз — шогирд” тизими асосида ҳунармандларга бириктириш орқали бандлиги таъминланган бўлса, 11 нафарига моддий ёрдамлар кўрсатилиб, 28 нафарига тиббий ва 19 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 137 нафар ёшга 3,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасига кўра, 376 нафар ёш дафтардан чиқарилди.

Бундан ташқари, 2-сектор ҳудудида аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим орқали сектор ҳудудидаги 5551 та хонадонни ўрганишда аниқланган 488 та муаммолар ҳал этилди. Хусусан, моддий ва тиббий ёрдам, асфальтлаш,
электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, мактабгача таълим, хизмат кўрсатиш ҳамда 86 та бошқа соҳадаги муаммолар бартараф этилди.
Шунингдек, фуқароларнинг 173 нафарига 2,9 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди, 115 нафарини ишга жойлаштирилди ва 288 нафарини ўзини-ўзи банд қилинди.
Бундан ташқари, сектор ҳудудида ободонлаштириш, ижтимоий ва бошқа соха объектлари ҳамда инфратузилма объектларидаги муаммоларни баратараф этиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, сектордаги 6 та МФЙлардаги ички йўлларнинг 8 км.га яқин қисмида шағаллаш ва 10 км.дан ошиқ қисмида асфальтлаш ишлари амалга оширилди, аҳоли хонадонларига 4 км.дан ошиқ узунликда тоза ичимлик суви ҳамда 2 км.га яқин узунликда каналитзация тармоғи тортилди.

Шунингдек, яроқсиз ҳолатга келган ва электр энергияси етиб бормаган ҳудудларда жами 4 км.дан ортиқ узунликда электр тармоғи тортилиб,
140 яқин электр таянчлари ва 4 та трансформаторлар ўрнатилди.
Бундан ташқари, секторга бириктирилган 6 та маҳаллалар 100 дан ортиқ хонадонларнинг ташқи фасад қисмлари таъмирланиб, кўчаларда доимий ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Анча вақтдан буён ўзининг маъмурий биносига эга бўлган Қуйи Ровустон МФЙнинг муаммоси тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали ўз ечимини топди. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган Б.Абдуазимовга туман ҳокимлиги захирасидаги 0,08 гектар ер майдони давлат-хусусий шериклиги асосида “Қуйи Ровустон” МФЙ маъмурий биносини қуриш шарти билан ажратиб берилди.
Мазкур ер майдонида Б.Абдуазимов томонидан 350 млн. сўм маблағи ҳисобидан икки қаватдан иборат бино-иншооти қурилиб, шундан биринчи қаватдаги 4 та хона “Қуйи Ровустон” МФЙга маъмурий бино сифатида фойдаланишга топширилди.
Дарвоқе, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиб бериш орқали ҳудудда ишлаб чиқариш ва экспорт хажмини янада ошириш билан бир қаторда, янги иш ўринларини яратилишига эришилмоқда.

Бунга ёрқин мисол секторга бириктирилган “Қуйи Ровустон” МФЙ ҳудудида жами 4,5 гектар ер майдони “Хонабод” кичик саноат зонаси учун ажратилиб, ушбу ҳудудда умумий қиймати 37,7 млрд. сўмлик 25 та лойиҳа шакллантирилиб, муносиб ташаббускорлар жалб этилди. Бугунги кунда ушбу саноат зонасида ўнта лойиҳа ишга туширилиши натижасида мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, 106 нафар ишга муҳтож аёллар ишга жойлаштирилди.
Хусусан, тадбиркорлик қилиш ташаббуси билан чиққан Қ.Мамадалиевга ажратиб берилган 0,24 га. ер майдонида ўз маблағи ҳисобидан 1,2 млрд. сўмлик лойиҳа, яъни целофан пакетлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Одил пласт” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиб, 30 дан ортиқ ишга муҳтож эҳтиёжманд аёллар бандлиги таъминланди.
Жамият раҳбари Қ.Мамадалиев томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш билан бирга янги иш ўринларини яратиш мақсадида 1,0 млрд. сўмлик “Эко пакет” ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур кичик саноат зонасида фуқаро М.Шахобиддинов томонидан 0,13 гектар ер майдонида 600,0 млн. сўмлик ўз маблағи ҳисобидан консерва маҳсулотларини тайёрлашга ихтисослаштирилган “Мумтозбегим” МЧЖ фаолиятини ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа ишга туширилиши натижасида ўттизга яқин янги иш ўринлари яратилиб, шундан 18 нафар дафтарда рўйхатда турган аёллар ва ёшлар иш билан бандлиги таъминланди. Бу каби ижобий мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Умуман олганда, бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга, ишсизлар сонини камайтириш, қамбағалликни қисқартириш, қолаверса, маҳаллалар ободлигида муҳим аҳамият касб этяпти.
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг