Юнус Эмронинг «Ўлмас кўнгул» номли китоб тақдимоти ўтказилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 10 февраль куни машҳур турк шоири Юнус Эмронинг «Ўлмас кўнгул» номли китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Туркия давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, элчихона Коммуникациялар бўлими маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу, уюшма аъзолари Мирзо Кенжабек, Бобохон Мухаммад Шариф, Абдумурод Тиловов, Тошкент давлат шарқшунослик университети декани Жумали Шабанов сўзга чиқди.

Шоирнинг «Ўлмас кўнгул» китоби 2022 йилда «Саҳҳоф» нашриётида чоп этилган. Нашрга тайёрловчи Мирзо Кенжабек, таржимага турк олими, доктор Мустафо Тотчи нусхаси асос келиб олинган. Ушбу тўплам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган. Ундан «Ишқ даъвосини қилган киши», «Эслармисан сен ул куни», «Сен бу жаҳон мулкини», «Ишқингда ғарк бўлубон» каби ижод намуналари ўрин олган.

Тақдимотда сўзга чеққанлар китобда жамланган шеърларнинг мазмун- моҳияти, таҳлилига эътибор қаратди.
Шарқшунослик университети Тилшунослик факультети талабаларининг чиқишлари намойиш қилинди.

Юнус Эмро 13 асрда яшаган турк шоири. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда кам бўлсада, шеърлари бутун турк диёрларида жуда машҳур, орадан ўтган салкам етти юз йил мобайнида шарқ халқларининг энг суюкли шоирларидан бирига айланди. Баъзи манбалардан ва шеърларидан унинг 1240 йилда туғилгани, 80 йил умр кўргани, Эскишехир-Сарикуйда (хозирги Юнус Эмро) вафот этгани ва шу ерда дафн этилгани маълум.

Юнус Эмро мадраса таълимини олган, араб ва форс тилларини яхши билган, Курон ва ҳадис илмларини чуқур ўрганган, ўз даврининг етук мутасаввиф олими бўлган зот бўлиб, ўз фалсафий дунёқараши билан ўша даврнинг йирик, ХІІІ асрда Хуросондан Анадолуга келган. У Ҳожи Бектош Валий ва Таптук Бобо (Таптук Эмро) каби устозлардан таълим олган. Унинг Рисолатун-Нушийя (Ўгит рисоласи) - маснавий шаклида, «Фоилотун фоилотун фоилун» вазнида ёзилган ахлоқий асарлари, «Девон»ининг бир қанча кулаёзма нусхалари мавжуд.



Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг