Ёзёвон туманида маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

09:54 09 Февраль 2026 Жамият
342 0

Ёзёвон тумани марказидан 35 километр олисда жойлашган «Янгибўстон» маҳалла фуқаролар йиғинининг асосий иқтисодий драйверлари деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади.

Шу билан бирга, маҳалла аҳолиси ҳудуд орқали ўтувчи, Фарғона водийсини пойтахт билан боғловчи халқаро автомагистраль бўйида жойлашган хизмат кўрсатиш шохобчалари орқали ҳам даромад манбаига эга. Мазкур имкониятларни инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда Ёзёвон туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллада бир қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, маҳаллада «Нуронийлар маскани» барпо этилди. Ёш авлод учун замонавий шарт-шароитлар яратиш мақсадида 33-умумтаълим мактаби ҳудудида спорт зали, шунингдек, 25-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти учун янги бино қуриб битказилди. Бундан ташқари, катта йўл ёқасида жойлашган 80 та ер майдони хизмат кўрсатиш ва савдо дўконлари қуриш учун аукцион орқали тадбиркорларга берилган эди. Аммо бугун ушбу лойиҳаларнинг амалий ҳолати қандай?

Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов ташкилот ва идора раҳбарлари иштирокида «Янгибўстон» МФЙда ўтказган ўрганишлар давомида мавжуд ишлар қониқарсиз эканини қайд этди. Ободонлаштириш ишлари етарли даражада эмас. Хусусан, катта йўл ёқасида хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этиш учун ажратилган 80 та ер майдонидан фақат 12 тасида қурилиш ишлари бошланган. Уларнинг ҳам бор-йўғи иккитаси фаолиятни йўлга қўйган, холос.

«Нуронийлар маскани»да ҳам ярим йил аввал қандай ҳолат бўлган бўлса, ҳозирга қадар деярли ўзгариш кузатилмаган. Хоналар жиҳозланмаган, бино амалда фойдаланилмаяпти. Маҳалладаги мактабда эса дарсдан кейинги тўгараклар фаолияти ташкил этилмаган. Янги қурилган спорт зали ҳам иситиш тизими ишга туширилмагани сабабли фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатда қолмоқда.

— Бизга қуруқ ҳисобот ва ваъдалар эмас, аниқ натижа берувчи амалий ишлар керак, — деди туман ҳокими. — Афсуски, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида маҳалладаги «маҳалла еттилиги» фаолияти талаб даражасида эмас. Ташаббус бўлмаган жойда эса ривожланиш ва тараққиёт бўлмайди.

Шу муносабат билан туман ҳокими масъулларга ҳудудда шунчаки ўрганиш эмас, балки аниқ амалий ишга ўтиш вақти келганини қатъий таъкидлади. Ҳар бир масала ижроси юзасидан кескин эътироз билдирилиб, тегишли раҳбарларга манзилли ва қатъий топшириқлар берилди.

Айтиш жоизки, айни пайтда «Янгибўстон» маҳалласидаги 150 та хонадонда қарийб 750 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер