Ёшларимиз сифатли таълим олишга муносиб

17:17 30 Сентябр 2024 Жамият
459 0

Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари жаҳон рейтингида тобора юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу талабалар сафининг кенгайишига, улар орқали иқтисодиётимиз ривожланишига сабаб бўлади. Ҳар иккала жиҳатда ҳам устозлар зиммасига улкан вазифалар, масъулият юкланади. Шу боис ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий изланишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мавжуд имконият, шароит, талаб ва эҳтиёж менинг ҳам билим ва тажрибамни янада шакллантиришга, шу орқали ёшларга муносиб таълим беришга ундади. Натижада фаолиятим давомида 100 дан ортиқ илмий мақолалар ва услубий қўлланмалар яратдим. “Ярим ўтказгичли асбоблар”, “Ярим ўтказгичли асбоблар ва уларнинг физик хусусиятлари”, “Автоматик бошқариш назарияси” фанлари бўйича тайёрланган дарсликларим, нафақат, Ўзбекистонда, балки, қўшни давлатларда ҳам кенг қўлланилмоқда. Бундан ташқари, 2 та дастурий восита учун гувоҳнома соҳибиман. “Дўст ёки душман”, “Галлар Эликсири”, “Техник иншо” каби инновацион ўқитиш методикаларига асос солдим. Охирги 5 йилда 70 дан ортиқ илмий мақола, рисола ва услубий қўлланмалар яратдим. Илмий мақолаларимнинг 17 таси республика ва 10 таси халқаро илмий журналларда, 25 таси халқаро, 8 таси республика анжуманлари тўпламларида чоп этилди.

Ҳозирда “Техника олийгоҳлари магистратура талабалари учун мутахассислик фанларини ўқитишни инновацион усуллар асосида такомиллаштириш” мавзусида илмий тадқиқот иши олиб бормоқдаман. Кафедра қошидаги “Сунъий интеллект” тўгараги талабаларининг илмий лойиҳасига раҳбарлик қиляпман. Талабалар билан биргаликда “Сунъий интеллект ёрдамида юз мимикаси орқали сўзларни таниб олиш”, “Сунъий интеллект ёрдамида касаллик белгиларига қўра ташхис қўйиш”, “Интеллектуал ўқитувчи аниматор” лойиҳаларига раҳбарлик қилиб келмоқдаман. Ёшларга таълим беришда замонавий педагогик технологиялар, энг сўнгги ахборот манбалари ҳамда ноанъанавий машғулот турларидан самарали фойдаланган ҳолда талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳаракат қиляпман.

Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу аслида ёш авлод тарбиясига масъул бўлган барча фидойи устозларга берилган юксак баҳодир. Менга билдирилган ишонч келгусида бундан самарали хизмат қилишга ундайди.

Саидахон АТАЖОНОВА,

Андижон машинасозлик институтининг ахборот

технологиялари кафедраси мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер