Ёшларда экотуризм маданиятини ошириш: Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида Мембершип Траининг тадбири бўлиб ўтди
25-26 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Пучон университети томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ва «Баландлик» Ёш сайёҳлик доираси» лойиҳаси кўмагида «Амирсой» дам олиш маскани ҳудудида Мембершип Траининг (МТ) тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳридаги Пучон университети раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва 1-босқич талабалари, Экология вазирлиги, «Баландлик» ёш сайёҳлар клуби ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, МТ (Мембершип Траининг) ёшлар тадбири бўлиб, иштирокчилар ўртасида жамоавий руҳни ривожлантириш, қатъият, масъулият, ишонч, қўллаб-қувватлаш, тўғри йўл танлаш, табиатга муҳаббат уйғотиш, экотуризм маданиятини сингдириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган турли фаол фаолият турларидан иборат.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги МТ тадбири «Ўзингга ишон!» шиори остида бўлиб ўтди, унда ташкилотчилар табиатга ғамхўрлик қилиш, унинг гўзаллиги ва улуғворлигини қадрлай билишга, талабаларда экотуризм маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Тадбирда 225 киши иштирок этди. МТ давомида иштирокчилар ўртасида спорт мусобақалари, «Бўстонлиқнинг тоғ гўзаллиги», «Ўзбекистоннинг янги ёшлари чеҳралари» каби номинациялар бўйича фотосуратлар танловлари ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад ўқувчилар ўртасида жамоавий руҳни шакллантириш, уларда ўқиш ва кейинги ҳаётларида ёрдам берадиган кўникмаларни шакллантиришдан иборат.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг