Ёшлар бугун қандай ўқитувчилардан норози?
Мулоҳаза
Авваллари информатика дарсида компьютерларни фақатгина китобларда кўрардик. Ахборот технологияларига оид билимларимиз фақат назариядан иборат эди, холос. Чунки ўша пайтда Хоразм вилоятининг чекка бир мактабида компьютерлар билан жиҳозланган синфхоналар йўқ эди. Бу эса дарснинг сифатига, албатта, таъсир кўрсатарди.
2016 йилда мактабимиз қайта таъмирланди ва замонавий компьютерларга эга синфхона фойдаланишга топширилди. Биз ўшандагина ҳақиқий технологиялар билан ишлашни ўргангандик. Назарий билимларнинг амалиётда қандай қўлланилишини оз бўлсада ҳис қилдик.
Бугунги кунда юртимиздаги барча таълим даргоҳлари сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган, десак, хато эмас. Ҳатто бозорларда, супермаркетларда, кўча-кўйда махсус дастурлаштирилган камералар тун-у кун ишламоқда. Яқин йиллардан бошлаб камералар олий ўқув юртларига киришда тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтишида ҳам беминнат хизмат қилмоқда.
Барчамизга аёнки, пандемия сабабли таълим тизими ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгарди. Мураккаб шароитда ахборот технологиялари ўз кучини ва имкониятларини яна бир бор намоён этди. Ўтган йили юртимизда карантин бўлишига қарамай, дарслар интернет орқали онлайн режимда давом этди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда кўнгиллилар томонидан кўпгина бепул онлайн курслар ҳам ташкил этилди.
Умуман олганда, бугунги даврда ахборот технологиялари таълимнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Эндиги вазифа — таълим тизимида сифат кўрсаткичини таъминлаш, қолоқликнинг олдини олиш учун ахборот технологияларидан ўринли ва маданиятли фойдаланишни таъминлашдир.
Ҳозирги пайтда айрим ёшларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан мақсадсиз фойдаланаётгани ҳам бор гап. Бу билан улар бўш вақтини ҳавога совурибгина қолмай, миллий қадриятлардан, китоблардан узоқлашмоқда.
Яна бир масала эса таълим соҳасида фаолият юритувчи ёши катта кадрларнинг замонавий коммуникациялардан самарали фойдаланишни билмаслигидир. Уларнинг аксарияти дарсларни эскича усулдаги маъруза ўқиш билан ўтмоқда. Бу эса замонавий билим олишга ташна ҳар қандай ўқувчининг фанга қизиқишини сусайтиради. Улар ўқув масканига қандайдир бир норозилик, қониқмаслик, зерикиш туйғулари билан йўл оладилар. Шу боис педагоглар малака ошираётганда, албатта, таълим беришнинг усул ва услубларини, ахборот технологияларига доир билимларини давр талабларига мослаб олиши зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётир.
Мухтасар айтганда, бугун ҳар биримизнинг олдимизга замон билан ҳамнафас яшаш талаби қўйилмоқда. Бунга муносиб бўлиш, шубҳасиз, халқимизнинг азалий орзу-умидлари рўёбига хизмат қилади.
Мунира ҚЎЗИБОЕВА,
ЎзЖОКУ талабаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг