Ёш муҳандислар Россияда қишки таълим дастурида иштирок этди

11:39 13 Декабрь 2024 Жамият
327 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Кузнинг охирида Санкт-Петербург, Псков ва Великий Новгородда “Қишки университет 2024” лойиҳаси бошланганди. Унда иштирок этиш учун хорижий давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан муҳандислик факультети талабалари ҳам таклиф этилди.

Муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашишга қаратилган ушбу лойиҳа Россиянинг учта етакчи олийгоҳи: Псков давлат университети, Санкт-Петербург политехника университети ва Новгород давлат университетида бўлиб ўтди. Унда 14 давлатдан 700га яқин иштирокчи қатнашди. Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) талабалари Россия университетларининг муҳандислик таълимига инновацион ёндашувининг гувоҳи бўлишди.

“Қишки университет” лойиҳа қоидаларига мувофиқ, барча иштирокчи-талабалардан 20-30 кишилик саккизта кичик гуруҳга бўлиниб, жами 25 жамоа шакллантирилди. Улар электромашинасозлик, робототехника, электр технологиялари, техник қурилмалар ва ускуналарнинг диагностика тизимлари каби соҳалар бўйича ўз лойиҳалари устида ишлади.

Икки ҳафталик дастури амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ва лойиҳалар ишлаб чиқишни ўз ичига олди. Талабалар ёнғинга қарши учувчисиз дронлар, роботлаштирилган тозалаш тизимлари, шаҳар муҳитини яхшилашга қаратилган экологик ечимлар каби замонавий технологияларни яратиш билан шуғулланди. Ушбу лойиҳалар глобал муаммоларга ҳақиқий ечим топишга қаратилган бўлиб, талабалар учун билим ва малакаларини амалиётда қўллашда илҳомлантирувчи тажриба бўлди.

— Талабаларимизнинг бундай йирик лойиҳаларда иштирок этиши билим ва кўникмаларини юзага чиқаришда имконият яратди, — дейди SIUT ижодий муҳандислик маркази раҳбари Улуғбек Амонов. — Ушбу лойиҳа муҳандислик фанлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Лойиҳа таълим билан чекланиб қолмай, бошқа давлатлардан келган иштирокчилар билан маданиятлараро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини ҳам берди.

“Қишки университет” ёшларни таълим ва илм-фан орқали бирлаштирувчи лойиҳа сифатида ўзига хос аҳамиятга эга. Талабаларни ушбу лойиҳада иштирок этиши SIUTнинг халқаро инновациялар ва барқарор ривожланишга йўналтирилган таълим маркази сифатидаги нуфузини юксалтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер