Ёш авлоднинг ҳар бир эзгу орзуси албатта рўёбга чиқади
Давлат раҳбари барча чиқишларида, халқ билан қилган ҳар бир мулоқотида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Шу масалада алоҳида Ёшлар форуми ташкил этилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Буларнинг барчасида, уларнинг замирида, энг аввало, ёш авлоднинг бугуни, келажаги ҳақида қайғуриш масаласи ётибди. Бинобарин, ўтган қисқа даврда навқирон авлоднинг замон талабларига мос кадрлар бўлиб вояга етишлари, илғор билим ва кўникмаларни эгаллашлари, соғлом ва баркамол улғайишлари учун барча шароитлар яратиб бериляпти.
Баркамоллик платформаси яратилмоқда
Бу борада миллий қадриятлар ва хориж тажрибасини ўзида уйғунлаштирган янгича маънавий-маърифий, ижтимоий платформа барпо этилмоқда. Кенг қамровли имкониятлар ҳамда инфратузилмаларни ўзида қамраб олган мазкур «йўл харитаси» йилдан йилга такомиллаштирилиб, бойитиб бориляпти. Бу нафақат ўғил-қизларнинг орзуларини бекаму кўст рўёбга чиқариш йўлида тинимсиз интилишларига замин бўлмоқда, балки ёши катталар дунёқарашини ҳам ўзгартиряпти. Энди фарзандлар ҳамма ютуқларнинг калити ўқиш ва изланиш, профессионал кўникмаларга эга бўлишда деб билаётган бўлсалар, ана шу ҳаётий ҳақиқатни таъминлашга астойдил интилаётган ота-оналар сони жамиятда тобора кўпаймоқда.
Буларнинг амалдаги ифодасини биргина рақам билан ҳам изоҳлаш мумкин. 2020 йилда олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсган бўлса, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди. Ўз навбатида эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.
Янги ўқув йили учун янги мақсадлар
Бу борадаги эзгу ишлар янада кенг миқёсда, сифат жиҳатдан янги босқичда давом эттирилмоқда. Юртбошимизнинг мурожаатномасида ҳам мазкур жиҳат бўйича аниқ йўл-йўриқлар кўрсатиб ўтилди.
Жумладан:
— жорий йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади;
— олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади;
— аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади;
— «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қиз юборилади. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади;
— янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади...
Камчиликлар тан олинмоқда, ечимлар таклиф этиляпти
Ўқишга кира олмаган ёки ишсиз қолган ўғил-қизлар тақдири ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Уларнинг бандлигини таъминлаш учун самарали механизмлар жорий этиляпти. «Ёшлар дафтари» юритилаётгани, мономарказлар ташкил этилаётгани, «маҳаллабай» ишлаш тизими татбиқ қилингани, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун катта имтиёзлар берилаётгани, кредит базаси яратилгани шундан далолат беради.
Энг асосийси, ёшлар ҳаётида учраётган муаммолар, улар билан ишлаш йўлидаги камчиликлар рўй-рост тан олиниб, масъул мутасаддилар қаттиқ танқид қилиняпти, керак бўлса жазосини олаётир, нуқсонларни бартараф этиш йўлларини топиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Шу йил 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу жиҳатларга яна бир бор тўхталиб ўтилди.
«Биз ёшларга қулоқ солмадик, дардини эшитмадик, улар билан дўст бўлмадик. Уларни эшитадиган тизим ва имконият йўқлиги учун кўплаб ёшлар адашиб, нотўғри йўлга кириб кетди. Бу — бизнинг айбимиз.
Ёшлар ишлари агентлигини туздик, ҳокимларга ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосар лавозимини жорий қилдик. Аммо улар ҳали биз кутган натижаларни бермаяпти.
Эндиликда ёшлар муаммоларини «маҳаллабай» ўрганиб, ҳал этиш бўйича тизим яратамиз. Ҳамма амалдорлар — вазирлар, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва бошқа масъул раҳбарлар ёшларнинг кўнглидаги дарди ва таклифини тинглайди, уларга амалий ёрдам беради», — дея таъкидлади давлат раҳбари ушбу мажлисда.
Ўзаро уйғунлик ва келажак сари дадил қадам
Бу бежиз эмас. Зеро, барча замонларда, айниқса, бугунги мураккаб ва синовли даврда ёшлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи асосий куч, драйвер эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, Ўзбекистонда навқирон авлоднинг интеллектуал ва профессионал ривожланишига улкан аҳамият қаратилаётгани нафақат муҳим, балки стратегик жиҳатдан катта қадам ҳисобланади. Бежизга 2021 йилга мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинмади. Зеро, бу мазкур муҳим йўналишларда бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади. Бундай ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштир имкониятларини оширади. Янги Ўзбекистон эса мана шундай уйғунликда, ҳамжиҳатликда барпо этилади.
Зеро, давлат раҳбари парламентга мурожаатномасида алоҳида таъкидлаб ўтганидек, «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.
Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади».
Соғ танда — соғлом ақл
Қувонарлиси, бунда фарзандларимизнинг нафақат интеллектуал салоҳиятини ошириш, маънан етуклигини таъминлаш, балки соғлом вояга етишлари, спорт билан яқин дўст тутинишлари масаласи ҳам диққат марказида турибди. Зеро, халқимиз «Соғ танда — соғлом ақл» деб бежизга таъкидламаган. Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг «Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин», деган чуқур маъноли сўзлари бугунги кун учун ҳам долзарбдир. Буни нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботламоқда.
Масалан, бир йигит ҳам замонавий ахборот технологияларни пухта ўзлаштирса, ҳам мунтазам футбол ўйнаб турса, бу нафақат уни янги натижалар сари руҳлантиради, балки иродасини чиниқтириб, ҳаёт йўлларида учрайдиган қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишига замин яратади. Ёки бир қиз ҳам дизайн йўналишида тинимсиз меҳнат қилиб, ўзини намоён этиш қаторида теннис кортига боришни канда қилмаса, бу нафақат ўзи учун, балки бўлажак оиласи учун катта фойда келтиради, рўзғор ташвишларини тезда, ортиқча руҳий зўриқишларсиз ортда қолдириши, яқинларини ҳам соғлом турмуш тарзига ошуфта қилишида айни муддао бўлади. Булар оддий ҳаётий деталлардек кўринса-да, аслида моҳиятан жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги асосий вазифалардан бири ана шундай дунёқараш ва орзулар тутумига эга авлодни тарбиялашдир.
Зотан, ҳали юртимизда бу борада қилинадиган ишлар, фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп. Маълумотларга кўра бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд 52 мингдан зиёд спорт иншоотлари аҳолининг атиги 6 фоизига хизмат кўрсатиш имкониятига эга экан. Бу жуда кам. Бинобарин, давлат раҳбари жорий йилда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш орқали спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 25 фоизга, ёшлар қамровини 20 фоизга (ҳозирда 11 фоиз) етказиш мақсад қилингани, бунинг учун бир қатор вазирлик раҳбарлари қисқа вақт ичида бюджетдан ажратилган 100 миллиард сўм ҳисобидан боғча ва мактабларни спорт анжомлари билан жиҳозлаши лозимлигини қатъий кўрсатиб ўтди. Ўз навбатида 4 мингдан ортиқ мактабда 20 мингта спорт тўгараги йўлга қўйилиб, 520 минг нафар ўқувчи қамраб олинади.
Шу ўринда яна бир ибратли ташаббусга қўл урилаётганини эътироф этиш лозим. Гап шундаки, республикамизда 1 мартдан бошлаб спорт федерациялари, олимпия, жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпионлари республика бўйича мингта мактабга бириктирилиб, ёшларни профессионал спортга жалб қилиш бўйича маҳорат сабоқлари йўлга қўйилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёш авлодни муносиб ҳаёт кечириши, орзуларини амалга оширишлари учун барча имконият ва салоҳият ишга солиняпти. Бунга на пандемия ва на бошқа муаммолар тўсиқ бўлмоқда. Мана шундай ортга қайтмас ва қатъий ислоҳотлар таг заминида бир ҳақиқат ётади: ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шундай экан, Ўзбекистонда ислоҳотлар кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларга таяниш пировард мақсаддир.
Мохира Эшанова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг