Ёди ҳам, мероси ҳам умрбоқий
Архив сурат
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда таваллуд топган.
Халқимиз ардоғидаги ижодкор ўзидан боқий мерос қолдирди. Шеърларида умумбашарий тушунча ва туйғуларни, олижаноб инсоний фазилатларни, халқимизнинг асрий орзу-армонларини, келажакка умид ва ишончини ўзига хос соҳир овоз билан баралла тараннум этди. Шоир асарларининг умрбоқийлиги боиси шунда.
МАФТУНИНГМАН...
Мафтунингман, бахт эмган диёр,
Мафтунингман, гўзал, она юрт.
Сенинг билан бахтим барқарор,
Этолмайман меҳрингни унут.
Ёшлик қувонч, шўхлиги билан,
Қўшиқ бўлиб кирди юракка.
Гул ёшлигим, мафтунинг бўлиб,
Куйчинг бўлиб етдим тилакка.
Баҳор келгач, шошқин дарёдек,
Юрагимда тошар ҳиссиёт.
Гулга мафтун – тебранар қалам,
Нозик ҳис-ла мавжланар ижод.
Мафтунингман, хаётим, шеърим,
Мафтунингман, гўзал гулбаҳор.
Сенинг ўғлинг, мафтунинг бўлиб,
Мадҳ этишга сени хаққим бор!
ҲАЁТНИ СEВ
Ҳаётни сев,
Борлигича сев,
Бир ён кулба, бир ён қалъалар.
Осмонларнинг дарғасиман, деб
Учиб юрар лочин, қарғалар.
Ҳаётни сев,
Шодлик, кулфатда
Бир ён оғу, бир ёнда табиб.
Бир ёнингда ғаним, албатта,
Бир ёнингда дўстлар бор, ҳабиб.
Ҳаётни сев,
Ёзми, қаҳратон,
Ҳар лаҳзада шукроналар айт.
Ҳатто Ҳажга боргину, шу он
Совимаган тўшагингга қайт.
Ҳаётни сев,
Тўйиб ва тўйиб,
Ота-онанг, фарзандинг қадар.
Десинларки, сен кўнгил қўйиб,
Сўнг ўзинг ҳам бўлдинг мўтабар.
Ҳаётни сев,
Боғлагин қанот,
Фазога ҳам учгин таваккал.
Қаттиқроқ сев, сени шу ҳаёт
Ёмон кўриб қолмасдан аввал.
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг