«Яшил қоплама» қум бўронларининг олдини олади

16:14 10 Февраль 2025 Жамият
434 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Жарқўрғон туманининг «Каттақум» массивидаги 50 гектарлик ер майдонида саксовулдан иҳотазор барпо этилмоқда.

— Иқлим ўзгаришида туз ва қум бўронлари олдини олиш муҳим ўрин тутади, — дейди Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг маъмурий амалиёт бўйича бош мутахассиси Ихтиёр Эргашев. — Бу каби салбий ҳолатлар вилоятимизнинг айрим ҳудудларида, айниқса, Термиз шаҳрида тез-тез кузатилади. 10–14 метр секунд тезликдаги шамоллар сабаб шаҳарда юзага келадиган қум бўронлари натижасида ҳаво таркибида чанг миқдори меъёрдан анча ортади. Шу боис саксовул каби чўл ўсимликларини кўпайтириш орқали кўчма қумларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, саксовул иҳотазорлари ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш имконини ҳам беради. 3 йиллик саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 йилликда эса 79,5 фоизга камаяди.

— Табиат, экология бутун инсоният учун муҳим мавзулар, — дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби Темур Ғойибназаров. — Шу боис соҳага доир муаммолар ҳам жиддий ёндашишни талаб қилади. Мамлакатимизда экологик барқарорликни асраш, талафотларни олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида бошқарманинг барча ходимлари иштирокида ҳашар уюштирилиб, кун давомида 50 гектарлик ер майдонида 50 минг туп саксовул кўчатлари экилди.

Саксовулнинг илдизи бақувват. Унинг бир тупи 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, кўчкиларга йўл бермайди. Илдизи тупроққа чуқур кириб, горизонталь йўналишда саккиз метргача етади. Шу боис «яшил қоплама» ерни мустаҳкамлаб, қум бўронларининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер